2 (1).jpgНукус маданият ва санъат коллежи битирувчиси Шаҳзод Генжегулов Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг фаол аъзоси сифатида муддатидан аввал талабалик бахтига муяссар бўлди.
– Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан бериладиган мазкур тавсиянома мамлакатимизнинг ҳар ҳудудидан бир нафар ёшга тақдим этилиши белгиланган, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Кенгаши матбуот хизмати ходими Фурқат Юсупов. – Қорақалпоғистон Республикасида ушбу тавсияномага Шаҳзод Генжегулов сазовор бўлди.
Ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилотидаги йўналиш етакчиси сифатида кўрсатган фаол хизматлари учун бериладиган ушбу тавсиянома Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг фаол аъзоларига олий таълим муассасаларига киришда имтиёзлар бериш тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган Низом асосида мамлакатимиздан 14 нафар фаол ёшларга тақдим этилади.
Низомга кўра, тавсияномани қўлга киритган ёшлар Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси қарорига мувофиқ, доимий яшаш жойидаги олий таълим муассасаларининг педагогика таълим йўналишларига танловдан ташқари, тест синовларисиз ва касбий (ижодий) имтиҳонларсиз давлат гранти асосида қабул қилинади.
Танловда номзоднинг Ёшлар иттифоқи тизимида эришган ютуқлари, тизим ривожига қўшган ҳиссаси, шунингдек, табиий етакчилик қобилияти ва фидойилигига алоҳида эътибор қаратилиши белгиланган.
– Мамлакатимизда ёшлар учун яратилган имтиёзга эга бўлганимдан беҳад хурсандман, – дейди Ш.Генжегулов. – Бизга ўз истеъдод ва салоҳиятимизни юзага чиқариш учун бундай имкониятлар яратиб бераётган Президентимиздан миннатдормиз.
Ш.Генжегулов бир қатор ютуқларни қўлга киритган. У 2016 йилда ўқув ва жамоат ишларида фаол иштироки учун Нукус шаҳар ҳокимлиги томонидан “Энг намунали ўқувчи”, деб топилган. 2017 йилда “Юксак маънавиятли авлод” фестивалининг Нукус шаҳар босқичида фахрий ёрлиқ билан тақдирланган.

 

Есимхон Қаноатов, ЎзА