Атроф-муҳит бўйича БМТ Дастури бош қароргоҳи жойлашган Кения пойтахти Найробида иқлим масалаларига бағишланган олтинчи саммит бошланди.
Анжуманда миллий делегациялардан 70 дан зиёд вазир, жами уч мингдан ортиқ вакил иштирок этмоқда.
26 февралда бошланган, 1 мартга қадар чўзиладиган мазкур йирик тадбирда сайёрамиз дуч келаётган “уч ёқлама инқироз – иқлим ўзгариши, биология хилма-хиллиги йўқолиб бориши ва атроф-муҳит ифлосланиши билан боғлиқ муаммолар муҳокама қилиняпти.
– Бу инқирозлар сайёрамиздаги ҳар бир кишига, миллати, ирқи, дини ёки жинсидан қатъи назар, салбий таъсир қилмоқда, – деди БМТ Атроф-муҳит бўйича Дастури ижрочи директори Ингер Андерсен.
“Сессияларда сиёсий етакчилар 20 дан кўп резолюция лойиҳасини муҳокама қилишади”, дейилган ташкилот сайтида берилган хабарда.
Лойиҳаларда мамлакатлар ҳаво сифатини яхшилаш, иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммоларни бартараф қилиш масаласига жиддий ёндашиш, ҳавони кимёвий ифлослантиришга чек қўйиш, чўлланишга қарши курашиш ва биология хилма-хиллиги йўқолишига барҳам беришга чақирилган.
Таъкидлаш жоиз, резолюциялар мажбурий юридик кучга эга бўлмаса-да, глобал экологик келишувга эришиш ва айни йўналишда миллий сиёсат ишлаб чиқиш йўлида муҳим қадам ҳисобланади.
Маълумки, БМТ Атроф-муҳит бўйича Дастурига 193 давлат қўшилган. “Атроф-муҳит бўйича дунё парламенти” деб аталаётган мазкур тузилма доирасида экология сиёсатининг устувор йўналишлари аниқлаб олинади, ушбу масалада халқаро қонунлар ишлаб чиқилади.
2012 йил Бразилияда бўлиб ўтган БМТнинг барқарор тараққиётга бағишланган конференциясида ушбу дастур қабул қилиниши глобал хавфсизликни таъминлаш, соғлиқни сақлаш муаммолари билан бир қаторга қўйилаётган экология масаласи бўйича кўп томонлама ҳамкорликнинг янги даври бошланганини билдиради.
Дастур асосида кўп йиллардан буён ёввойи ҳайвонлар савдосига қарши кураш, қуролли можаро кечаётган ҳудудда атроф-муҳитни ҳимоя қилиш, транспортни режалаштириш каби муҳим масалаларда муҳим ҳужжатлар қабул қилинган.
2022 йилда атроф-муҳит елим идиш билан ифлосланишини тўхтатиш бўйича халқаро ҳужжатнинг юридик мажбурийлигини таъминлаш устида мунозара бошланган. Мазкур жараён 2024 йил охирида якунланиши керак.
Найроби саммитида эса атроф-муҳит муҳофазаси бўйича кўп томонлама келишув асосий мавзуга айланди. Юқорида таъкидланган уч ёқлама инқирозни бартараф қилишда ушбу келишувлар қандай аҳамият касб этиши баҳоланади.
Атроф-муҳит масаласи бўйича қарор қабул қилувчи глобал орган ҳисобланган мазкур ташкилот ўз фаолияти орқали инсон ва табиат ўртасидаги уйғунликни таъминлаш, дунё аҳолисининг экологик бўҳронга энг таъсирчан қисми ҳаётини яхшилашга ҳаракат қилади.
С.Раҳимов, ЎзА