Ҳиндистон шимолидаги Уттар-Прадеш штати бош вазири Йоги Адитянатх душанба куни Жанубий Осиёдаги энг йирик ўқ-дори ишлаб чиқарувчи мажмуанинг биринчи қисми ишга туширилганини эълон қилди. Корхона мамлакат қуролли кучлари ҳамда ҳуқуқ-тартибот идораларини ўқ-дори билан таъминлашга мўлжалланган.
“The Economic Times” газетаси ёзишича, Канпур шаҳрида бунёд этилган завод, режага кўра, йилига 150 миллион дона ўқ тайёрлаб, мамлакатнинг йиллик эҳтиёжини 25 фоиз қондиради. Келгусида ишлаб чиқариш майдони кенгайтирилиб, энг янги технология асосида замбарак снарядининг 40 дан ортиқ тури, яқин масофага мўлжалланган зенит ракетаси тайёрланади. Бундан ташқари, мажмуада “Negev” қўл пулемёти, “Uzi” автомати, мерганлик милтиғи ва тўппонча ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Натижада Ҳиндистон қурол-яроқ экспортини 50 миллиард долларга етказиш имконига эга бўлади.
– Сўнгги геосиёсий воқеалар узоқ давом этадиган можароларга тайёрланиш учун ўқ-дорини ички манбалар орқали таъминлаш тўғри йўл эканини яна бир бор тасдиқламоқда, – деди корхона очилиши маросимида сўзга чиққан Ҳиндистон қуруқлик қўшинлари штаби бошлиғи генерал Манож Панде.