Индонезия сайлов комиссияси сайтида овоз бериш жараёни бўйича жадвал эълон қилинди. 41,01 фоиз бюллетен қайта ишлангандан кейин мамлакат мудофаа вазири генерал Прабово Субианто 56,11 фоиз кўрсаткич билан етакчилик қилаётгани маълум бўлди.
Аввалроқ сайлов участкаларининг 29,1 фоизидан олинган маълумотга таяниб, Субианто 56,2 фоиз овоз билан олдинда бораётгани айтилганди. Агар мудофаа вазири 50 фоизлик тўсиқдан ўта олса, сайловнинг биринчи босқичидаёқ ғалабани қўлга киритиши мумкин. Яъни, вазир қўлга киритилган 56,11 фоизлик устунликни сақлаб қололса, сайловнинг иккинчи босқичини ўтказишга ҳожат қолмайди.
Ҳозирча иккинчи ўрин 24,55 фоиз овоз олган собиқ маданият ва таълим вазири Аниса Басведанага тегишли. Президентликка даъвогарлардан яна бири, 19,34 фоиз тарафдор ишончини қозонган Марказий Ява собиқ губернатори Ганжара Праново эса ўйиндан чиқадиган кўринади.
Индонезия президентини сайлаш жараёни олти соатга чўзилди. Дастлабки расмий натижа шу куннинг ўзидаёқ эълон қилина бошлади. Субианто рақибларидан яққол устун эканини мустақил ташкилотлар ҳам тасдиқламоқда.
Прабово Субианто тарафдорлари қаршисида сўзга чиқиб, ҳукумат таркибини Индонезиянинг энг яхши одамларидан тузиш ниятидалигини маълум қилди. Таъкидлаш жоиз, унинг номзодини мамлакат собиқ раҳбари Жоко Видодо ҳам қўллаб-қувватламоқда. Агар у президент бўлса, Видодонинг ўғли Гибран Ракабуминг Рака янги вице-президент этиб тайинланиши мумкин.
Сайлов олди пойгасида мудофаа вазирига рақиблик қилган Анис Басведен ва Ганжар Праново жамоатчиликни шошилинч хулоса чиқармаслик, 20 мартда эълон қилинадиган расмий натижани кутишга чақирди. Улар Субиантодан мос равишда 25 ва 17 фоиз ортда қолишяпти.
Бўлажак президент ҳақида яна бир қизиқ маълумот: 1951 йил 17 октябрь куни Жакартада туғилган Прабово Субианто 1968-1998 йиллари Индонезияни бошқарган марҳум президент Сухартонинг куёви.
Индонезияда президент сайлови ўтказиш тартибининг ўзига хос томонлари мавжуд. Сиёсий тадбир 1945 йил қабул қилинган Конституцияга кўра амалга оширилади.
Мамлакатда ижро ҳокимияти раҳбари ҳисобланадиган Президентга вице-президент ёрдам беради.
Яна бир қизиқ томони, Индонезияда президент ва вице-президент жуфтликда сайланади ва лавозимини беш йил давомида эгаллаб туради. Улар фақат бир марта қайта сайланиши мумкин.
Фақат Индонезия фуқароси тўғридан-тўғри ва яширин овоз билан сайланадиган бу икки энг юқори лавозимни шу юртда туғилган, бошқа фуқароликни олмаган, давлатини ўзгартирмаган ҳамда жисмоний ва ақлий жиҳатдан соғлом шахс эгаллаши мумкин. Номзодларга қўйиладиган яна бир талаб – 40 ёшдан юқори бўлиш шарт. Рўйхатдан ўтиш учун фуқаронинг давлат маблағига зарар келтиришига сабаб бўладиган қарзи бўлмаслиги зарур, сўнгги беш йил солиқ мажбуриятини бажаргани кўрсатилиши керак. Шахснинг аввал судланмагани, тақиқланган ташкилотга аъзо эмаслиги, камида ўрта мактаб маълумотига эгалиги ва бошқа қатор талаблар ҳам мавжуд.
Шунингдек, Индонезияда президент, парламент ва ҳудудий қонунчилик органларига сайлов бир вақтда ўтади.
Номзод умумий сайловда иштирок этган сиёсий партия томонидан ҳам илгари сурилиши мумкин, лекин бу борада ҳам муайян қоидага амал қилиш керак. Масалан, партия парламентдаги жами ўринларнинг камида 20 фоизига эгалик қилиши ёки охирги парламент сайловида камида 25 фоиз овоз олган бўлиши шарт.
Даъвогар номи сиёсий партиянинг коалицион келишуви асосида ҳам тақдим этилиши мумкин. Партиялар коалицияси сайловга фақат бир жуфт (президент ва вице-президент жуфтлиги) номзод кўрсата олади.
Давлат мансабдорлари номзодини қўймоқчи бўлса, истеъфога чиқади. Мазкур қоида президент, вице-президент, парламент раҳбари ва аъзоси, губернатор ҳамда мэрга жорий қилинмайди.
50 фоиздан юқори овоз қўлга киритган номзодлар жуфтлиги президент ва вице-президент сифатида эълон қилинади.
Агар бирор жуфтлик 50 фоиздан кўп овоз ололмаса, сиёсий тадбирнинг иккинчи босқичи белгиланиб, кейинги турда энг кўп овоз олган икки жуфтлик иштирок этади. Иккинчи босқичда кўп овоз олган жуфтлик ғолиб, деб тан олинади.
Жануби-шарқий Осиёда жойлашган Индонезия Республикаси ҳудуди 1 904 569 км². 2020 йил рўйхатга олингандан кейин мамлакат аҳолиси 270 203 917 киши экани маълум бўлди. Ушбу икки кўрсаткич бўйича минтақанинг энг йирик мамлакати ҳисобланган Индонезия аҳолиси сони бўйича дунёда тўртинчи, ҳудуди катталиги бўйича 15-ўринда. Мамлакат жаҳоннинг 7- иқтисодиётига эгалиги эътироф этилади.
Индонезия пойтахти – Жакарта, бироқ айни пайт пойтахтни Нусантара шаҳрига кўчириш режаси амалга оширилмоқда.
Саидмурод Раҳимов, ЎзА