Айтиш жоизки, сўнгги вақтлари замонавий ахборот технологиялари айниқса, мобиль телефонлар кундалик ҳаётимизнинг ажралмас бўлагига айланиб улгурди. Катта-ю кичикнинг туни куни қўлидаги телефонга термилиб ўтиришига, йўлдами, тўй-маъракада ёки оила даврасидами доим шу матоҳ ҳамроҳимизга айланганига ўрганиб қолдик. Бу эса айниқса, ёшларни реал ҳаётдан узоқлаштирмоқда. Чунки, бугунги кун ёшлари мобил телефон ишқибози. Буни англаш учун психолог бўлиш шарт эмас, атрофимиздаги ёшларни кузатсак кифоя. Улар қайси ёшда бўлмасин, илк бор телефонни қўлга олиши билан ана шу оламнинг ҳақиқий соҳибига айлангиси келади.
Мутахассисларнинг айтишича, мактаб ёшидаги болаларнинг кунига 4-5 соатдан телефондан фойдаланиши унинг телефонга қарамлик, семизлик, уйқусизлик каби касалликларнинг ривожланишига сабаб бўлиши билан бирга улар онги ва психикасида смартфонлар таъсирида идрокни ўзгарттириб, психологик оғишлар келиб чиқиши, қаттиқ қўрқув, хавотир, тушкунлик, жиддий безовталик, ёт ғоялар таъсирига тушиш ва мия нейронларининг меъёрида ишламаслиги кузатилиши мумкин.
Бола электрон воситалар билан қанча эрта муомалага киришса, болалиги билан шунча барвақт хайрлашади. Ўйинчоқ ўйнаш, дўстлар орттириш ўрнига, компьютер ёки телефонга боғланиб қолмоқда.
Тўғри, бугунги ҳаётни мобиль телефонсиз тасаввур қилиш қийин. Узоғингни яқин қилади, сўнгги янгиликлардан бохабар қилади. Лекин телефоннинг қулига айланиб қолиш ўта даҳшатли. Ёшлар бўш вақтларини ҳар хил уйинлар ёки видеолар кўришга сарфлаб, инсонга бир марта ҳадя қилинадиган умрдан, вақтдан унумли ва самарали фойдаланмаяптилар. Афсуски, китоб ўқиш, тил билиш, илм-билим сирларини ўрганиш ўрнига кўпчилик ёшларимиз виртуаль олам гирдобига кириб бормоқдалар. Ота-боболаримиз, бежизга «Ёшлик – бебаҳо», «Умр оқар дарё», «ёшликда олинган билим — тошга ўйилган нақш кабидир» каби ибратомуз фикрлари остида олам-олам маъно мужассам.
Шундай экан, мактабларда ўқувчиларга “тарбиявий соат” дарсларида, смарт телефонларнинг зарарли оқибатлари, улардан оқилона фойдаланиш кераклиги ҳақида тарғибот тадбирларини кучайтиришимиз зарур. Унга сарфланган бўш вақтнинг ўрнига дарсларни тайёрлаш, қўшимча тўгаракларга бориш, билим олиш, тил ўрганиш, спорт машғулотларига қатнашиш кераклиги ҳақида маслаҳат беришимиз, шунингдек, айни фикрларни педагогик жамоа йиғилишларида, ҳатто ота-оналарга ҳам етказиб, улардан болаларини ўз вақтида назорат қилишларини сўраймиз.
Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2012 йил 21 майда «Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларида мобиль телефонлардан фойдаланиш тартиби тўғрисида»ги қарори қабул қилинган бўлиб, мазкур қарор асосида Халқ таълими вазирлигининг тегишли буйруғи ишлаб чиқилган. Мазкур ҳужжатлар таълим муассасаларида мобиль телефонлардан фойдаланиш тартибини белгилайди ҳамда ўқувчиларнинг сифатли таълим олиш, давлат ва жамият манфаатлари йўлида ўқувчи ёшларнинг соғлиғини сақлашда хавф-хатарларни камайтириш, таълим олишга бўлган конституциявий ҳуқуқларини таъминлашга йўналтирилган.
Унга кўра, таълим муассасасига кириб келишда ҳар бир ўқувчи, ўқитувчилар ва бошқа шахслар уяли алоқа воситасини тўлиқ ўчириб қўйиши шарт. Телефон фақат махсус ғилофларда, сумка ва портфелларда олиб юрилиши керак. Таълим олувчиларга телефон воситаларни бўйинга осиб юриш, шим ва юбка чўнтакларида олиб юриш, дарс вақтида эса улардан фойдаланиши қатъиян тақиқланади.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, ЮНЕСКО маълумотларига кўра, бугунги кунда дунёнинг 50дан ортиқ мамлакатларида мактаб ҳудудида мобил қурилмаларидан фойдаланиш таъқиқланган. Айниқса, Буюк Британия, Недерландия, Франция ва Россия каби давлатлардаги мактаб ва колледжларда мобил телефонлардан фойдаланишни чекловчи қонунни қабул қилди. Қабул қилинган ҳужжатда айтилишича, телефонлардан ўқувчилар ёки мактаб ходимларининг ҳаёти ёки соғлиғига хавф туғилганда, шунингдек, “бошқа фавқулодда вазиятларда” фойдаланиш мумкин. Қабул қилинган қарор ёшларнинг таълим сифатини янада такомиллаштиради. Чунки, инсон мияси бир вақтнинг ўзида бир нечта нарсани ўйлаш ва илғашга қодир эмас, дейди Гарвард тиббиёт мактаби доценти Майкл Рич. Чунки, меҳнат таълими таълим жараёнининг ажралмас қисмидир. Агар бола ёшлигидан меҳнатсеварликка ўргатилса, келажакда ҳамма нарса яхши бўлади. Замонавий технологияларни билиш, улардан фойдаланиш замон талаби. Бироқ касаллик даражасида тобеланиб қолиш нафақат болалар, балки катталарнинг ҳам ҳаёт тарзи, фикрлаши, ҳатто ахлоқига салбий таъсир этади. Айниқса, ҳали дунёни тўла англаб улгурмаган бола онги телефоннинг зарарли таъсиридан шикастланиши ва бу унинг келгуси ҳаёти ҳамда иш фаолиятига зиён етказиши ҳеч гап эмас.
Менинг фикримча ўқувчиларнинг телефондан фойдаланишига маълум даражада, яъни меъёрида чекловлар қўйиш учун ўрта таълим мактабларида мобил телефонларни вактинчалик саклаш учун махсус жойлар яратиш, замонавий талабларга жавоб берадиган дарсларни ташкил этиши учун синфхоналарни зарур техник жиҳозлар билан таъминлаш, таълим жараёнида телефоннинг ўрнини босадиган, яъни компенсация киладиган ўқув қуролларни яратиш, маҳаллаларда аҳолининг, асосан ёшлар ва болаларнинг телефондан фойдаланиш маданиятини шакллантиришга хизмат қиладиган дастур ишлаб чиқиш, ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш пайтида болаларнинг таълим олишига фойдали иловаларни телефонларга юклаш борасида ота-оналар маъсулиятини ошириш каби ишларни олиб боришимиз зарур.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, касалликни даволагандан кўра унинг олдини олган яхши. Ёшларда миллий онг ва тафаккурни, юксак маънавий фазилатларни шакллантириб, уларни миллий урф-одатлар, менталитетимизга хос ахлоқий нормалар орқали тарбияласак, албатта, кўзлаган мақсадга эришамиз. Зеро, юрт келажаги ёшлар қўлида!
Мухтар ИБРАГИМОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари
қўмитаси аъзоси
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги