Ўзбекистон этноспорт ассоциацияси ташкил этилганига кўп бўлгани йўқ. 2021 йилда ташкил этилган ушбу тузилма бел олиш ва учкураш, баҳодирлар ўйинлари ва тош кўтариш, полвонлик ва дорбозлик спорти, улоқ-кўпкари, от пойгаси, от устида кураш, чавгон, танги илув, от устида камон отиш, камондан отиш, ов қушлари билан кўргазмали ов қилиш каби миллий этноспорт турларини жаҳонда оммалаштириш ҳамда такомиллаштиришни ўз олдига мақсад қилган.
Ушбу ассоциация миллий спорт турлари бўйича тадбирлар, мусобақалар ва ўқув дастурларини ташкил этиш орқали қадимий ва миллий спорт турларининг замонавий даврда ҳам изчил ривожланишини таъминлашда хизмат қилмоқда. Ассоциация қисқа муддатли фаолияти давомида Ўзбекистонда ҳам, халқаро миқёсда ҳам этноспорт оммалашувида катта муваффақиятларга эришди.
Жумладан, 2023 йилда халқаро ташкилотлар экспертлари, Ўзбекистон вазирликлари ва идоралари вакиллари, шунингдек, профессионал ва ҳаваскор ёш спортчилар иштирок этган олтита йирик ва аҳамиятли тадбир ўтказди.
18-19 февраль кунлари “Chimgan Challenge-2023” фестивали доирасида қишки спорт турлари бўйича, 24 март куни Тошкентнинг “Локомотив” боғида полвонлик ва дорбозлик мусобақасининг ўтказилиши муҳим воқелик бўлди.
10 апрель куни Бухоро шаҳрида “Каштачилик ва миллий халқ ўйинлари” миллий фестивали бўлиб ўтди. Кўргазмада юртимизнинг барча ҳудудларидан ўттиздан ортиқ ҳунармандлар иштирок этди. Фестиваль доирасида халқ ўйинлари бўйича мусобақалар ҳам ўтказилди. Иштирокчилар миллий кураш, белбоғли кураш ва миллий жанг санъатининг бошқа турлари бўйича беллашди.
Шунингдек, 26 май куни Тошкентдаги “Наврўз” истироҳат боғида “Ўзбекистон этник ўйинлари” республика фестивали ташкил этилди.
7-9 сентябрь кунлари Хива шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро этноспорт фестивали 2023 йилнинг энг нуфузли ва катта тадбирларидан бири бўлди. Фестиваль доирасида Ўзбекистонда Бутунжаҳон этноспорт конфедерацияси фаолиятини тарғиб қилиш ва такомиллаштириш масалаларига бағишланган бир қанча давра суҳбатлари ўтказилди.
Фестивалда ЮНEСКО, Бутунжаҳон этноспорт конфедерацияси ва Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар вакиллари ҳам иштирок этди. Фестиваль дастуридан кўплаб мусобақалар жумладан, белбоғли кураш бўйича халқаро турнир, ўзбек жанг санъати бўйича жаҳон чемпионатлари, оммавий кураш ва тош кўтариш, камондан отиш ҳамда от спорти тоифасидаги мусобақалар ташкил этилди.
2023 йил 22 декабрь куни Қараб теп федерациясининг тақдимот маросими ўтказилди. Унда спортнинг ушбу турини янада ривожлантириш ва оммалаштириш бўйича режалар ҳамда этноспортни янада ривожлантириш вазифаларига қаратилган “Йўл харитаси” тақдим этилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон вакиллари 34 та турли мусобақаларда муносиб иштирок этиб, этноспортнинг оммалашувига ўз ҳиссасини қўшди.
– 2024 йилда ҳам Ўзбекистоннинг ўзига хос маданий анъаналари билан танишишдан манфаатдор сайёҳларни жалб этиш каби янги мақсадларни ўз олдимизга қўйганмиз, – дейди Ассоциация раиси Ойбек Норинбаев. – Этноспорт туризмини ривожлантириш орқали мамлакат нафақат маданий меросини сақлаб қолиши, балки маҳаллий ҳамжамиятларнинг иқтисодий ўсишини таъминлаши мумкин. Ташриф буюрувчилар учун этноспорт фестиваллари ёки интерактив семинарлар каби қизиқарли тадбирларни ташкил этиш Ўзбекистоннинг анъанавий спорт турларининг гўзаллиги ва бойлигини намойиш этишга ёрдам беради.
Шунингдек, Ассоциация вакилларининг 2024 йилнинг 16-18 февраль кунлари Туркиянинг Анталия шаҳрида бўлиб ўтадиган Этноспорт форумида иштирок этиши режалаштирилган.
11-13 май кунлари эса Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида “Этно ва замонавий мода ҳафталиги” халқаро этно-ўйинлар фестивали, халқ ҳунармандчилиги ва заргарлик буюмлари ярмаркалари бўлиб ўтади.
Грузия кураши халқаро федерацияси таклифига биноан Ассоциация вакиллари 2024 йилнинг май ойида Грузияда бўлиб ўтадиган этноспорт фестивалида ҳам иштирок этади.
Шунингдек, жорий йилда Тошкент шаҳрида республика Этноспорт фестивали ўтказилиши режалаштирилган.
ЎзА