Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикасининг «Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида»ги қонуни ҳамда фонд биржасини ривожлантириш билан боғлиқ дастурлар ижроси юзасидан Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг ахбороти эшитилди.

Таъкидланганидек, ўтган давр мобайнида мамлакатимизда биржалар фаолиятини такомиллаштириш, жумладан, фонд бозорини ривожлантириш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Биржалар ва фонд бозорини тартибга солувчи қонунчиликни такомиллаштириш мақсадида бир қатор қонунлар янги таҳрирда қабул қилинди.

Йиғилишда биржаларга оид қонунчилик ва фонд биржасини ривожлантириш билан боғлиқ дастурлар ижросини таъминлашда йўл қўйилаётган камчиликлар, ечимини кутаётган муаммолар атрофлича таҳлил қилинди. Хусусан, ҳанузгача молия бозорини ўрта ва узоқ муддатли истиқболларда ривожлантириш концепцияси талаб даражасида ишлаб чиқилмаган. Фонд бозори ликвидлилиги нисбатан пастлигича, иккиламчи бозор эса ўта пассивлигича қолмоқда.

Натижада аҳоли ва бошқа бозор қатнашчиларининг фонд бозори амалиётларига бўлган ишончи ортмаяпти. Иқтисодиётнинг реал сектори ва фонд бозори ўртасида узилиш мавжуд. Корхоналар томонидан инвестицион маблағлар жалб қилинишида фонд бозори инструментларидан фойдаланиш етарли даражада эмас.

Мажлисда муҳокама этилган масалалар юзасидан Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг тегишли қарори қабул қилинди.

 

Инобат Аҳатова, ЎзА