Парламентлараро алоқалар мустаҳкамланмоқда

Фарғонада Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши ўртасида ҳамкорлик бўйича парламентлараро комиссиянинг биринчи мажлиси бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши Тўроғаси ўринбосари Асель Кодуранова мамлакатларимиз парламентлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда мунтазам мулоқот, барча йўналишларда ўзаро ҳамкорликнинг қонуний асосини ривожлантириш муҳимлигини алоҳида таъкидлади.
7.JPG
Бугунги кунда яхши қўшнилик, дўстлик ва ўзаро ишончга асосланган Ўзбекистон – Қирғизистон муносабатлари турли йўналишларда жадал тараққий этмоқда. Парламентлар, турли вазирлик ва идоралар, ҳудудлар ўртасида алоқалар тобора кенгаймоқда.
Мазкур парламентлараро комиссиянинг ташкил этилиши бу борадаги ишларнинг амалий натижаларидан биридир.
Мажлисда парламентлараро муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама этилди.
– Мунтазамлик касб этаётган учрашувлар, самимий мулоқотлар ўзаро ҳамкорлик ривожига катта туртки бермоқда, – деди Асель Кодуранова. – Ҳамкорликни ривожлантиришга муштарак интилиш парламентлараро муносабатларда ҳам яққол кўзга ташланмоқда. Парламентлараро комиссиянинг биринчи мажлиси юқори савияда ташкил этилиб, келгусидаги муҳим вазифалар, ҳамкорликда амалга ошириладиган ишлар белгилаб олинди.
11.JPG
15.JPG
Комиссия мажлиси якунида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси билан Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши ўртасида ҳамкорлик бўйича парламентлараро комиссиянинг регламенти, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти билан Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши девонининг илмий-тадқиқот маркази ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.

 

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА