Жорий йилнинг 9-10 июнь кунлари Хитой Халқ Республикасининг Циндао шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги cаммити бўлиб ўтади. 29 май куни Тошкентда ушбу йирик тадбирга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Хитой Халқ Республикаси, Россия Федерацияси, Қозоғистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Тожикистон Республикаси, Ҳиндистон Республикаси, Покистон Ислом Республикасининг мамлакатимиздаги элчихоналари ҳамда ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг нуфузи тобора юксалаётгани, аъзо давлатларнинг сиёсий, савдо-иқтисодий ва гуманитар соҳалардаги ўзаро манфаатли алоқалари ривожланиб, терроризм, диний экстремизм, айирмачилик, наркотик моддалар ва қурол-яроғ контрабандасига қарши курашиш, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш борасидаги ҳамкорлиги мустаҳкамланиб бораётгани таъкидланди.

ХХРнинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Цзянь Янь хоним Циндао cаммитига Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин раислик қилиши, олий даражадаги учрашувга ШҲТга аъзо ва кузатувчи давлатлар раҳбарлари, халқаро ташкилотлар вакиллари таклиф этилганини таъкидлаб, унда ШҲТнинг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари, ҳар томонлама ҳамкорлик, қатор халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан фикр алмашиш режалаштирилаётганини қайд этди.

Унинг сўзларига кўра, Циндао саммити доирасида ХХР Раиси Си Цзиньпиннинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан икки томонлама учрашуви режалаштирилмоқда. Саммит якунида Циндао декларацияси, хавфсизликни таъминлаш, иқтисодий ва гуманитар соҳаларда ҳамкорлик бўйича йигирмага яқин ҳужжат имзоланиши кутилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг ўринбосари А.Абдувоҳидов ХХР ШҲТга раислик доирасида самарали ва муваффақиятли иш юритгани, сўнгги бир йилда аъзо давлатларнинг турли вазирлик ва идоралари раҳбарлари иштирокида юздан зиёд тадбир ташкил этилгани, Ўзбекистон вакиллари уларнинг барчасида фаол қатнашганини таъкидлади. Ўзбекистон ташқи сиёсат маҳкамаси саммитга тайёргарлик билан боғлиқ масалаларни тезкор ҳал этишда ХХР ҳамда ШҲТга аъзо бошқа давлатларнинг мамлакатимиздаги элчихоналари вакиллари билан яқиндан ҳамкорлик қилаётганини билдирди.

Тадбирда навбатдаги cаммит ШҲТни ривожлантириш бўйича аниқ режаларни белгилаб олиш, қатор соҳалардаги кўп томонлама ҳамкорликни янада юқори босқичга олиб чиқиш учун улкан имкониятлар яратиши қайд этилди.

 

ЎзА