“Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун қабул қилиниши кутилмоқда.

Лекин мазкур қонун билан боғлиқ мунозаралар ҳали давом этмоқда. Қонунни қабул қилишдан асл мақсад нима ўзи? ИИВ Академияси кафедра бошлиғи, юридик фанлар доктори, профессор Жаҳонгир Юлдашев билан шу ҳақда суҳбатлашдик.

– Қонун билан мамлакатимизда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, янги турдаги қўпол қоидабузарликлар содир этган шахсларга нисбатан жазо муқаррарлигини таъминлаш масалалари мустаҳкамланмоқда.

Ундаги нормалардан бирига кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга янги 195-2-модда киритилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ хизмат вазифаларини бажариши чоғида олинган фото ва видеотасвирларни уларни обрўсизлантириш мақсадида Интернет ахборот тармоғида жойлаштирганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда.

Мазкур хатти-ҳаракатлар учун жазо чораси сифатида базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари миқдорида жарима ёки ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олиш назарда тутилмоқда.

– Бунга қандай зарурат бор эди?  

– Ҳуқуқни қўллаш амалиёти натижаларидан кўриш мумкинки, бугунги кунда оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисаларининг асосий сабаблари ўрнатилган қоидаларни менсимаслик ва транспорт воситаларини маст ҳолда бошқарганлик билан боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Шунингдек, йўл-ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга масъул бўлган ходимларнинг қонуний талабларини бажармаслик, уларнинг хизмат фаолиятига тўсқинлик қилиш ҳамда улар тўғрисидаги нотўғри, ноаниқ ва бузиб кўрсатилган маълумотларни обрўсизлантириш мақсадида интернет тармоқларига жойлаштириш ҳолатлари кўпайиб бормоқда.

Маълумотларга кўра, 2022 ва 2023 йилларда ўз хизмат вазифасини бажараётган йўл патруль хизмати ходимлари фуқаролар томонидан 253 марта фото ва видеотасвирларга олиниб, интернет тармоқларига тарқатилган.

Аниқланишича, тарқатилган материалларнинг 102 тасида (40,3 фоизида) ҳайдовчилар йўл ҳаракати қоидаларини ўзлари бузган бўлсада, ходимларнинг хатти-ҳаракатларига нотўғри изоҳ берган ҳолда ижтимоий тармоқларга жойлаштирган. Бундай ҳолатлар ходимларнинг хизматни ўташ билан боғлиқ фаоллигининг сусайишига ҳамда шаъни ва қадр-қиммати камситилишига сабаб бўлмоқда.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунчиликка таклиф этилган янги норма билан юқоридаги каби салбий ҳолатларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари кафолати кучайтирилмоқда.

– Киритилаётган қоидалардан асосий мақсад нима?  

– Асосий мақсад жазолаш эмас, балки жазонинг профилактик ва огоҳлантириш функциясини янада кучайтириш эканини алоҳида қайд этиб ўтиш лозим. Буни қонун нормаси таҳлилидан ҳам билиш мумкин. Жумладан, мазкур норманинг қатор муҳим жиҳатлари мавжуд.

Жумладан, ушбу қоидалар шахснинг эркин ахборот олиш ва тарқатиш ҳуқуқини чеклашни назарда тутмайди. Шахс келгусида ўз ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари (уларнинг фаолияти)ни исталганча фото ва видеотасвирга олиши мумкин.

Қонун нормаси билан ҳар қандай ҳоллардаги эмас, балки фақатгина жамоат хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ хизмат вазифаларни амалга ошириш вақтидаги фото ва видеотасвирларни хизмат олиб бораётган ходимни обрўсизлантириш мақсадида интернет тармоғига жойлаганлик тегишли жавобгарликни юзага келтиради.

Жавобгарлик юзага келиши учун жойланаётган ахборотлар ёлғон, ноаниқ ёки бузиб кўрсатилган бўлиши лозим. Акс ҳолда қилмишни ушбу модда билан малакалаш мумкин бўлмайди.

Кўриниб турибдики, қонун ижодкорлари мазкур норманинг матнини ишлаб чиқишда инсонпарварлик тамойилига асосланган. Яъни, юқорида келтирилган шартларнинг барчаси бўлгандагина жавобгарлик юзага келади.

– Бу борада хорижий давлатларнинг тажрибаси ўрганилганми?  

– Албатта. Буюк Британияда хизмат олиб бораётган полиция ходими ёки қуролли кучлари аскарини тасвирга олиб, интернетга жойлаштирганлик учун жаримадан тортиб, келиб чиққан оқибатига қараб ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.

Франция, Германия, Венгрия давлатларида ҳам ушбу ҳаракатлар тегишли жавобгарликка сабаб бўлади. Японияда эса, шахсий хавфсизлик нуқтайи назаридан полиция ходимларини уларнинг рухсатисиз суратга олиш тақиқланган.

Хулоса қилиб айтганда, қонун мамлакатимизда ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади. Хусусан, йўл ҳаракати иштирокчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларига қатъий амал қилишини таъминлашга ҳамда оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисаларнинг олдини олишга, фуқароларни қонунларга риоя этиш ва уларни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялашга хизмат қилади.

 

Норгул Абдураимова, ЎзА