Ўтган якшанба куни кузатилган салқин об ҳаво ва унда кўтарилган чанг-тўзон маҳаллий аҳолини ҳавотирга солди. Аввал юз бермаган бу каби табиатнинг сирли ҳодисаси ҳақида билиш мақсадида Қорақалпоғистон Гидрометеорология бошқармасига мурожаат қилдик.


Бошқарма ходимларининг маълум қилишича, шанба куни Қорақалпоғистон ҳудудида ҳаво очиқ бўлиб, шамол тезлиги штиль ҳолатида кузатилган. Ҳавонинг ҳарорати кундузи 37-39 даражагача кўтарилиши натижасида тупроқнинг юқори қатламидаги қопланган намликлар буғланиб, 1-10 сантиметр қалинликда қурғоқчилик пайдо бўлган. 27 май куни эса шимолий-ғарбий томондан келган совуқ ҳаво оқими таъсири билан шамолнинг тезлиги 10-15 метр секунддан 22-27 метр секундгача етган. Бу шамол кучи таъсирида пайдо бўлган қурғоқ тупроқнинг кўтарилишига олиб келган. Нукус шаҳридаги кузатиш майдонида ҳаводаги чангнинг миқдори 0,50 ПДКни ташкил қилиб, бу меъёрдан 3 карра кўп эканлигини кўрсатди. Бу каби ҳолат Қорақалпоғистондан ташқари, Хоразм вилоятида ҳам кузатилган.Қорақалпоғистон Гидрометеорология бошқармаси тақдим этган маълумотга кўра, 29-30 май кунлари кечаси ҳавонинг ҳарорати 8-13, кундузи 23-28 даража, 31май – 6 июнь кунлари оралиғида кечаси 13-18, кундузи 30-35 даража илиқ бўлиши кутилмоқда.
Июнь ойида ҳавонинг ўртача температураси меъёрда бўлиб, биринчи ва учинчи ўн кўнликда қисқа муддатли ёғингарчилик бўлиши мумкин.

Қорақалпоғистондаги тузли бўрон қишлоқ хўжалиги соҳасига қандай таъсир қилиши мумкин. Ҳозирча буни Ўзбекистон Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими мутахассислари ўрганмоқда. Ўрганиш натижалари ҳақида ҳам батафсил маълумот берамиз. Сайтимиз кузатиб боринг.

 

Есимхон Қаноатов, ЎзА