“Пулларингизни ҳимоя қилинг, келажагингизни таъминланг”.

Мазкур шиор дунёнинг 170 дан ортиқ мамлакатида бўлиб ўтаётган “Умумжаҳон пул ҳафталиги – 2024” (Global Money Week) тадбирларининг шиорига айланди.

“Global Money Week” – болалар ва ёшларнинг молия бўйича билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган ҳар йили ўтказиладиган глобал таълим кампаниясидир. Ёшларга ўз маблағларини яратиш ва улардан самарали фойдаланиш учун зарур бўлган молиявий кўникмаларни ўргатишни мақсад қилган ҳафталик доирасида “Ўзмиллийбанк” АЖ ходимлари ҳам фаол иштирок этди.

“Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамиятига бириктирилган Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Қашқадарё ҳамда Сурхондарё вилоятларининг шаҳар ва чекка ҳудудларидаги жами 21та мактабнинг 1200 га яқин ўқувчилари ҳамда Тошкент шаҳридаги иккита университетдан 240 нафардан ортиқ талабалари учун маҳорат дарслари ташкил этилди. Ноанъанавий машғулот тарзида ташкил этилган жараён банк ходимларининг амалий тажрибалари, бой назарияси асосида қизиқарли ҳамда интерактив кўринишда олиб борилди.

Кузатадиган бўлсак, болаларда боғча ёшидан бошлаб пул йиғишга бўлган эҳтиёж юзага кела бошлайди. Сабаби маълум бир ёшга етганда уларда ўз эҳтиёжлари учун шахсий маблағга бўлган талаб пайдо бўлади. Аксарият кичкинтойлар бу пайтда махсус қутиларда ўз жамғармаларини тўплашни одатга айлантиради. Натижада уларда пулга бўлган муносабат шаклланиб боради. Демак, мактаб ёшидаёқ унинг молиявий саводхонлигини тўғри йўналтириш боланинг порлоқ келажаги ва улкан муваффақиятлари учун омил бўлиши мумкин.

“Умумжаҳон пул ҳафталиги” доирасида ўтказилган маҳорат дарсларида асосан пулларни тўғри сарфлаш, фирибгарлар тузоғига алданмаслик, банк карталарини тўғри бошқариш, банклар томонидан таклиф этилаётган хизматлар бўйича умумий тушунчалар берилди. Қизиқарли танловлар асосида уюштирилган дарс машғулотларида энг фаол ва зукко ўқувчи ҳамда талабалар “Миллий банк” бренди туширилган эсдалик совғаларини қўлга киритди.

– Албатта, бугун аксарият юртдошларимизнинг фикрига кўра, пул сарфлаш пул топишдан анча осон. Аслида, пулни тўғри йўналтириш ҳамда ўз ўрни билан ишлатиш молиячилар наздида уни қўлга киритишдан кўра қийинроқдир, – дейди Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети талабаси Имомиддин Мирзо Имомов.

– Мазкур дарс жараёнида эса биз фақат назарий асосларни таҳлил этмадик, аксинча амалий тажрибаларни ўртоқлашдик. Куннинг муҳим мавзуси бўлган долзарб масалаларда ўзига хос таклифлар, муаммолар ҳамда уларнинг ечимлари тўғрисида баҳслашдик. Энг асосийси, менда энг яхши таассурот қолдиргани бу машғулотларнинг фақат назарий жиҳатларини ўрганган педагоглар томонидан эмас, айни амалий жараёнда фаолият юритаётган банкирлар томонидан олиб борилгани бўлди.

Ушбу ҳафталик доирасида “Ўзмиллийбанк” АЖ жамоаси томонидан таълим муассасаларида ўқув машғулотлари олиб борилаётгани билимдон ёшларни бир даврага жамлаш, банк-молия соҳасига қизиқувчи ўқувчи-талабаларни саралаш имконини берди. Энг асосийси, тадбир мақсадига тўлиқ хизмат қилувчи маълумот ҳамда кўникмалар ёшларга етказилди.

 “Ўзмиллийбанк” АЖ Матбуот хизмати