Учинчи Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этаётган барча юқори мартабали хорижий меҳмонлар юртимиз ҳақида ижобий фикр билдирмоқда.

Назира Нурбаева, Қозоғистон ташқи ишлар вазири ўринбосари:

– Ўзбекистон ва Қозоғистон раҳбарларининг бевосита саъй-ҳаракати натижасида ўтган йил ўзаро йиллик савдо айланмаси 4 миллиард доллардан ошди. Ушбу кўрсаткични 10 миллиард долларга етказиш режалаштирилган. Айни мақсадга эришиш учун аллақачон жадал иш олиб борилмоқда. Жумладан, икки давлат ўртасида жами 56 янги қўшма корхона очилди. Умумий қиймати 3.6 миллиард долларга тенг 46 та янги лойиҳа ишга тушиш арафасида. Қолаверса, Марказий Осиё иқтисодий йўлаги Беларусь – Россия Федерацияси – Қозоғистон – Ўзбекистон – Aфғонистон – Покистон йўналиши бўйлаб Европа билан боғланиш имконини беради.

Марко Арчелли, “ACWA Power” компанияси бош директори: 

– Ўзбекистон яшил энергетика соҳасида эришаётган муваффақият иқтисодиётнинг барча тармоқларига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Биз учун муайян давлатнинг яшил энергетикани ривожлантириш бўйича аниқ тасаввурга эгалиги, шунингдек очиқ ва конструктив мулоқотга тайёрлиги доимо муҳим. Бу жараёнда ҳар қандай қарор тез қабул қилинади. Бугун биз 5 гигаватт қувватли шамол энергетикасига оид янги шартнома имзоладик.

Меҳмет Ариф Озозан, “UCC Holding” кластери бош ижрочи директори:

– Мен Ўзбекистонни яхши биламан, 10 йил олдин ҳам келиб, бизнес билан шуғулланганман. Туркий миллат вакили бўлганим сабаб, бу ердаги маданият, анъана ва бошқа кўп жиҳатлар кўнглимга яқин.

Ҳозир аввалги келганимга қараганда, жуда катта ижобий ўзгаришларни кўрдим. Сармоядорлар учун ажойиб муҳит шакллантирилган. Бу республика учун жуда катта ютуқ. Тараққиёт сари бундай тезликда ҳаракатланиш кишини ҳайратга солади. Ўзбекистон жуда қисқа муддатда улкан натижаларга эришгани билан фахрланса арзийди. Мамлакат халқаро инвесторлар учун ўз жозибадорлигини мунтазам ошириб, уларнинг диққатини тобора кўпроқ жалб этмоқда.

Умуман, бизнинг инвестициямиз бу гал узоқ муддатли ва ҳар икки мамлакат учун бирдек манфаат келтиради.

Ўсиб бораётган истеъмол бозори, ишчи кучи доимий янгиланиб бориши, Осиё ва Европа ўртасидаги транспорт йўлакларида стратегик жойлашув, 6 000 дан зиёд маҳсулот учун Европа Иттифоқи бозорига тарифсиз кириш имконияти, бой табиий ресурслар ва рақобатбардош харажат республикада инвесторлар учун қулай бизнес шароитини юзага келтирган.

Умар Н. Ал-Миданий, “Vision Invest” компанияси раҳбари:

– Кўплаб халқаро корпорациялар Ўзбекистонга сармоя киритиш истагини билдираётганини кўриб, беихтиёр ўзингизча “бу мамлакатда иш тўғри йўлга қўйилган” дея хулоса чиқарасиз ва самолётга ўтирасиз. Тўғриси, илгари юртингизда бўлмаганман, Ўзбекистон ҳақида тасаввурга ҳам эга эмасдим. Шу боис бундай гўзал мамлакат, меҳмондўст халқни кўриб, ҳайратга тушдим. Шунингдек, бу мамлакат узоқни кўзлаб бошқарилаётганини ҳам сезиш қийин эмас. Мақсадлари, қайси йўналишда ҳаракатланаётгани аниқ бу давлат раҳбариятининг. Масъуллар билан суҳбатлашиб, дарров “Бу ўша менда ишонч уйғотган ҳамкор” деган хулосага келасиз.

“Vision Invest” компанияси Ўзбекистонда бир йил олдин иш бошлаган. Ҳозир турли имкониятларни кўриб чиқяпмиз. Шахсий тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, бу ердагидек барча зарур таркибий қисмлар мавжуд экотизимни ҳамма ерда ҳам учратавермайсиз.

Мамлакатнинг бугунги куни менга саудияликлар 2015 йил бошидан кечирган трансформацияни эслатди. Ҳозирги ўзгаришлар қимматини англаш учун 2017 йилгача ва кейинги Ўзбекистон ўртасидаги фарқни тушуниш керак.

Гўзал Сатторова, Носиржон Ҳайдаров (сурат),ЎзА