Хориж матбуоти Ўзбекистон ҳақида

“ONA” ахборот агентлиги Ўмон Султонлиги савдо, саноат ва инвестицияга кўмаклашиш вазири Қайс бин Муҳаммад Ал-Юсуф, ушбу мамлакатнинг юртимиздаги элчиси Вафо бинт Жабр Ал-Бусаидия хоним ва қатор тадбиркорларининг Учинчи Тошкент халқаро инвестиция форумидаги иштироки хусусида ёзган.

Мақолада анжуманнинг биринчи куни глобал муаммоларга алоҳида эътибор қаратилиб, муҳим соҳа ва тармоқлар бўйича Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистон хорижий инвесторлар учун жозибадорлик намоён этаётганига оид долзарб мавзулар қамраб олинган сессиялар, муҳокама ва мунозаралар бўлиб ўтгани ёритилган. Қишлоқ хўжалиги, тоғ-кон саноати, туризм соҳалари, қисқа ва узоқ муддатли стратегиялар, манфаатдор томонлар ҳамкорлиги, самарали сув бошқарувига инвестиция – яшил молиявий маҳсулот, халқаро институтлар томонидан молиялаштириш, бозорга асосланган рағбатлантириш, тартибга солиш муҳити, янги муқобил, илғор технологик ечимлар таҳлили диққат марказида бўлгани қайд этилган.

Муаллиф Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўмон Султонлиги савдо, саноат ва инвестицияга кўмаклашиш вазири Қайс бин Муҳаммад Ал-Юсуфни қабул қилгани тафсилотига ҳам алоҳида тўхталган.

Суҳбат чоғида ўзаро манфаатли ҳамкорликни, энг аввало, савдо-иқтисодий ва инвестициявий йўналишларда кенгайтириш масаласи кўриб чиқилгани, энергетика, транспорт, соғлиқни сақлаш, туризм, геология, озиқ-овқат, тўқимачилик, кимё соҳаларида, шу жумладан Ўзбекистон – Ўмон инвестиция компанияси кўмагида лойиҳалар амалга ошириш учун улкан салоҳият борлиги таъкидланганига урғу берилган.

– Тошкентда энг йирик қуруқлик портлари ва бир қатор заводлардан ташқари яна икки заводда инвестиция захирасига эга Ўмон – Ўзбек инвестиция компанияси ташкил этилди, – дейилган ахборотда. – Ўмоннинг тижорат ва ишбилармонлик марказлари улуши 75 фоизни ташкил қилади.

Шунингдек Ўмон мулозими тадбир доирасида мамлакатимиз инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов билан ҳам учрашиб, Султонликда бизнинг маҳсулотларимиз кўргазмасини ўтказиш, товар айирбошлаш кўламини кенгайтириб, ўзаро тўғридан-тўғри ҳаво қатновини йўлга қўйиш масалаларини муҳокама этгани қайд этилган.

Ўмон Султонлигининг мазкур форумдаги иштироки икки дўст давлат ўртасидаги мустаҳкам муносабатнинг тасдиғи сифатида савдо-инвестиция соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, энг сўнгги иқтисодий ва сармоявий ўзгаришлар, имкониятларни тақдим этиш мақсадини кўзлагани қўшимча қилинган.

Муҳаррама Пирматова,

ЎзА