Маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолияти такомиллаштирилмоқда. Жумладан, ижро ҳокимияти органлари фаолиятини трансформация қилиш, барча ишларни “аҳоли манфаатларига хизмат қилиш” тамойили асосида йўлга қўйиш, “Кучли кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким” ғояси ҳаётга татбиқ қилинади.

Шу мақсадга қаратилган Ўзбекистонда маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилмоқда.

Бу борада Сенат кенгашининг қарори билан тегишли комиссия ва ишчи гуруҳлар ташкил этилди. Хусусан, 3-гуруҳ маҳаллий кенгашлар депутатларининг мақоми ва фаолиятининг асосий кафолатларини янада кучайтириш йўналиши бўйича иш олиб бормоқда.

Сенатда мазкур ишчи гуруҳ йиғилиши бўлиб ўтди. Унда  концепцияни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури лойиҳалари кўриб чиқилди. Унда маҳаллий кенгашлар депутатларининг мақоми ва фаолиятининг асосий кафолатларини янада кучайтириш йўналиши бўйича вакиллик органларини том маънодаги ҳокимият институтига айлантириш, бу йўналишда янги тартиб-таомилларни жорий этиш масалалари кўзда тутилган.

Ишчи гуруҳ аъзоларига қатор вазифалар белгиланди. Хусусан, улар халқ депутатлари кенгашларининг самарали фаолият юритишига тўсқинлик қилаётган омил ва сабабларни таҳлил қилади. Вакиллик органлари фаолиятига оид хорижий тажрибани ўрганади. Ўрганиш натижаларидан келиб чиққан ҳолда концепция лойиҳаси юзасидан таклифлар ишлаб чиқади.

 

Н.Абдураимова,  

ЎзА