Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигида “Хавфли кимёвий моддаларни ишончли бошқариш” лойиҳасини амалга ошириш бўйича грант шартномаси имзоланди.

Уч томонлама ҳужжатни экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири ўринбосари Жусипбек Казбеков, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан ва БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг (ФАО) мамлакатимиздаги вакили ўринбосари Шерзод Умаров имзолади.

Лойиҳанинг асосий мақсади Экология вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, фермерлар ва бошқа манфаатдор шахсларнинг ушбу соҳадаги кўникмаларини ривожлантиришдир. Албатта, лойиҳанинг амалга оширилиши БМТнинг 4 та конвенциясидаги мажбуриятлар бажарилишидир.

– Ушбу лойиҳа яшил иқтисодиётга ўтишни қўллаб-қувватлаш бўйича йирик дастурнинг бир қисми бўлиб, дастурга 10 миллион евродан зиёд маблағ ажратилган, – деди Шарлотта Адриан. – Лойиҳа қиймати деярли 4 миллион еврога тенг. Мақсад Экология вазирлигининг бу борадаги имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, хавфли кимёвий моддалар ва чиқиндилар соҳасида мувофиқлаштиришни яхшилашдан иборат.

ЕИ вакили қайд этишича, Ўзбекистонда бу борадаги ишларни яхшилашга эҳтиёж ва хоҳиш бор. Бу потенциал БМТнинг бир қанча конвенциялари билан боғлиқ. Бу билан мамлакат яшил тараққиётга ўтиш сари олға интилиш истагини намоён этган.

Лойиҳа Экология вазирлиги томонидан ФАО билан биргаликда 2023–2027 йиллар оралиғида Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида амалга оширилади. У тугаллангандан сўнг, хавфли кимёвий моддаларни оқилона бошқариш соҳасида мамлакатнинг институционал салоҳияти ошиши кутилмоқда, бу эса хавфли чиқиндилар бўйича янада яхши маълумотлар базасини шакллантириш имконини беради. Маросимда, шунингдек, Чиқиндиларни бошқариш бўйича Миллий стратегияни ишлаб чиқиш ва тегишли стандартларга эга хавфли чиқиндиларни қайта ишлаш корхоналарини босқичма-босқич яратишга ўтиш учун замин яратилиши таъкидланди.

– Бу мавзу Ўзбекистон учун жуда долзарб, чунки қишлоқ хўжалиги мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 27 фоизини ташкил қилади, — дейди Шерзод Умаров. – Яхши ҳосил олиш мақсадида Ўзбекистонда кимёвий моддалар, пестицидлардан ўртача фойдаланиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича фаол иш олиб борилмоқда.

Тадбирда муассасалар ва аҳолининг хавфли кимёвий моддалардан фойдаланиш билан боғлиқ хавф-хатарлар ҳақида хабардорлигини оширишга катта эътибор қаратилиши ҳам маълум қилинди.

– Лойиҳа доирасида қишлоқ хўжалигида зарарли моддалардан фойдаланишни камайтириш ва тупроқ ресурсларига камроқ зарар етказувчи моддаларга ўтиш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилади, – деди Экология вазирлиги вакили Анвар Турсуналиев. – Шу билан бирга, хавфли кимёвий чиқиндиларни бошқариш бўйича Миллий стратегия ишлаб чиқилади.

Қўшма лойиҳани амалга ошириш натижасида зарарли кимёвий моддалар ва улар билан боғлиқ чиқиндиларни бошқариш механизмлари ва воситалари самарадорлигини ошириш, шунингдек, қишлоқ хўжалигида хавфли пестицидлардан фойдаланишни қисқартириш, шу жумладан, қишлоқ хўжалигида муқобил усулларни жорий этиш ва тарғиб қилиш режалаштирилган.

Б.Худойбердиев, ЎзА