Хитой Халқ Республикасининг туризм соҳасида хизмат кўрсатувчи “Travel to Central Asia”, “Urumqi Rubber Trade Events” ҳамда “Soluxe Travel” туристик корхоналари вакилларидан иборат делегация Қорақалпоғистон Республикасида бўлди.
Меҳмонлар Хўжайли тумани ҳудудида жойлашган Миздакхон қадимий ёдгорликлар мажмуаси билан танишди. Ушбу ёдгорликлар мажмуаси Хўжайлидан 3-4 километр жанубда учта тепаликда жойлашган. Шунингдек, Нукус шаҳридаги “Саҳродаги Лувр” номи билан машҳур И.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон санъат музейида ҳам бўлди. Унинг ноёб ва бетакрор коллекцияси бўйлаб экскурция ташкил этилди.
уннинг иккинчи ярмида меҳмонлар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси А.Оринбаев билан учрашди. Меҳмонларга давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистонга алоҳида эътибори ва ғамхўрлиги натижасида қабул қилинган фармон ҳамда қарорларнинг моҳияти, ҳудуднинг инвестицион жозибадорлигини ошириш борасида тадбиркорларга яратилаётган имкониятлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Шунингдек, Оролбўйининг туристик йўналишлари, Устюрт текислигининг ўзига хос бетакрор табиати, Орол денгизи тарихидан ҳикоя қилувчи мерослар, ҳудудга сайёҳларни жалб қилиш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар алоҳида эътироф этилди. Ўз навбатида меҳмонлар самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, келгусида ҳамкорликни янада кучайтириш, имкониятлардан самарали фойдаланиш, туризмни ривожлантириш бўйича фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Учрашув якунида икки томонлама ҳамкорлик юзасидан келишувлар имзоланди. Хитойлик тадбиркорларнинг Оролбўйига ташрифи давом этмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.