Ғазо ҳукумати Исроил армиясини 7 октябрдан бери “фактларни яшириш мақсадида Ғазо секторида 86 нафар журналистни қасддан ўлдирганликда” айблади. Ҳукуматнинг Ғазодаги матбуот бўлими матбуот уюшмаларини ҳибсга олинган журналистларни озод қилиш учун Исроилга босим ўтказишга чақирди, – деб ёзган “TRT Haber”.
ОАВ бўлимининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида берилган баёнотда, жумладан, шундай дейилади:
– Фактни яшириш, хабар ва маълумот кириб келишига йўл қўймаслик учун Ғазога қарши олиб борилаётган урушда 86 нафар журналист атайлаб йўқ қилинди. Мухбирлар нишонга олинишини далада фаолият юритаётган журналистларни қўрқитиш, жим туришга мажбурлаш ташаббуси сифатида баҳолаш керак. Фаластинлик журналистлар жасорат ва қаҳрамонлик кўрсатиб, курашга мисли кўрилмаган ҳисса қўшмоқда. Исроил армияси Ғазога қарши уруш давомида шахси аниқланган 6 нафар журналистни ҳибсга олди, бу халқаро қонунлар, репортаж тайёрлаётган ходимлар ҳуқуқий дахлсизлиги билан боғлиқ келишувлар очиқдан-очиқ бузилишидир.
Ҳужжатда журналистларнинг аёллар ва болаларга қарши жиноятни фош этишдаги роли тилга олинаркан, Фаластин овозини эшиттираётган матбуот ходимлари ва фаолларга нисбатан чексиз ҳурмат изҳор этилган. Ғазодаги Фаластин ҳукумати журналистларни нишонга олиш, йўқ қилиш, яралаш ва ҳибсга олиш йўли билан содир этилаётган жиноятни кескин қоралагани билдирилган. Халқаро матбуот ташкилотлари ва касаба уюшмаларидан “Фаластинлик журналистларга нисбатан содир этилаётган қонунбузарликни қоралаш, ҳибсхонада сўроқ, қийноқ ва руҳий босимга дучор бўлган журналистлар озод этилиши учун босим ўтказиш” сўралган.