Россияда ўқиётган ва меҳнат қилаётган ёшлар билан онлайн мулоқот ўтказилади

ОНЛАЙН МУЛОҚОТДА ЁШЛАРИМИЗНИНГ ФАОЛ ҚАТНАШИШИНИ ВА ЎЗЛАРИНИ ҚИЗИҚТИРГАН САВОЛЛАРГА МУТАСАДДИЛАРДАН ЖАВОБ ОЛИШИНИ ИСТАР ЭДИК

Жорий йилнинг 28 май куни (соат 16:00) Россия Федерациясида таҳсил олаётган ва меҳнат қилаётган ўзбекистонлик ёшларнинг мурожаатларини инобатга олиб, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи онлайн мулоқот ўтказади.

Онлайн мулоқотда Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари ёшларни қизиқтирган саволларга жавоб беради.

– Россия Федерациясидаги ўзбекистонлик ёшлар билан тўғридан-тўғри мулоқот олиб бориб, уларни қийнаётган муаммоларни ўрганиш ва ҳал қилиш чораларини кўриш асосий мақсадимиз, – деди Ўзбекистон умумжаҳон ёшлар ассоциацияси раиси Муродилла Алимбоев. – Ушбу онлайн мулоқотда ёшларимизнинг фаол қатнашишини ва ўзларини қизиқтирган саволларга мутасаддилардан жавоб олишини истар эдик. Чунки биз хорижда ўқиётган ёки ишлаётган ёшлар ҳаётини ўргандик. Улар аксарият ҳолларда қонунни яхши билишмайди. Бунинг натижасида улар кўплаб муаммоларга дуч келмоқда. Ташкил этилаётган мулоқотда чет элда ўқиш ва ишлашнинг қонун-қоидалари ва тартиблари ҳақида батафсил маълумот ва тушунчалар берилади.

 

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА