Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг мажлиси бўлиб ўтди.
Видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган мажлисда судьялар, Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Конституциявий суд, Судьялар олий кенгаши, Олий суд ҳузуридаги Илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари, Судьялар ассоциацияси вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъул ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Олий суд раиси К.Комилов бошқарган мажлисда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси жамиятимизда қонунийлик ва қонун устуворлигини таъминлашда муҳим ўрин тутаётганини таъкидлади. Шу асосда суд-ҳуқуқ тизимида муҳим ўзгаришлар амалга оширилди. Фуқароларнинг судга мурожаат қилиш ҳамда суд орқали ҳимояланиш ҳуқуқлари янада кенгайтирилди.
Жорий йил 1 апрелдан янги таҳрирдаги Фуқаролик процессуал, Иқтисодий процессуал, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекслар кучга кирди. Илғор халқаро ва миллий тажрибани чуқур ўрганиш асосида ишлаб чиқилган ушбу ҳужжатлар фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини замонавий механизмлар орқали кафолатли ҳимоя қилиш, судлар фаолияти шаффофлиги ва очиқлигини таъминлаш учун зарур ҳуқуқий асос яратди.
Қайд этиб ўтилган қонун ҳужжатларини судлар томонидан бир хилда қўллаш, бу борада ягона суд амалиётини шакллантириш – Олий суд Пленуми тегишли қарорларини қабул қилишни тақозо этди. Шу сабабдан Олий суд томонидан ташкил этилган ишчи гуруҳи томонидан суд амалиёти чуқур ўрганилди ва Олий суд Пленумининг қатор қарорлари лойиҳалари ишлаб чиқилди. “Биринчи инстанция суди томонидан фуқаролик процессуал қонун ҳужжатлари нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”, “Маъмурий ишларни кўришда биринчи инстанция суди томонидан процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг жиноят ишлари бўйича айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ва “Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди Пленумининг айрим қарорларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, айримларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги қарорлар лойиҳалари шулар жумласидандир.
Пленум мажлисида мазкур қарорлар лойиҳалари муҳокама қилинди.
Хусусан, Биринчи инстанция суди томонидан фуқаролик процессуал қонун ҳужжатлари нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарор лойиҳаси Фуқаролик процессуал кодекси янги таҳрирда қабул қилингани ҳамда биринчи инстанция суди томонидан қонун нормалари бир тахлитда ва тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилди. Ушбу қарор билан судларнинг эътибори процессуал нормаларга риоя қилмаслик тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари бузилишига олиб келишини инобатга олган ҳолда, фуқаролик ишларини кўришда фуқаролик процессуал қонун нормаларига қатъий риоя этиш зарурлигига қаратилган.
“Маъмурий ишларни кўришда биринчи инстанция суди томонидан процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси маъмурий ишларни юритиш бўйича процессуал қонун нормаларида белгиланган тартибга қатъий риоя этиш, уларни кўриб чиқиш сифатини яхшилаш, ҳар бир иш бўйича қонуний ва асослантирилган қарор қабул қилишда муҳим ўрин тутади.
“Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг жиноят ишлари бўйича айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси билан амалдаги Пленум қарорларига зарур қўшимчалар киритилмоқда. Бу жиноят ишларини тўғри малакалаш, асосли ва адолатли қарорлар қабул қилишга хизмат қилади.
Мажлисда муҳокама этилган яна бир масала – “Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди Пленумининг айрим қарорларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, айримларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги Пленум қарори лойиҳаси бўлди.
Кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Норгул Абдураимова, ЎзА