МИБ инспекторларига скутерлар берилди

Қорақалпоғистон Республикаси Мажбурий ижро бюроси шаҳар ва туман бўлимлари давлат инспекторларига 28 скутер ва республика бошқармасига битта замонавий автомобиль тантанали равишда топширилди.

– Бу мототехника ва автотранспорт воситалари бюро давлат инспекторларининг меҳнат фаолиятини енгиллаштириш, иш унумдорлигини янада оширишда муҳим аҳамият касб этади, – дейди Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи Женис Ермашев. – Мажбурий ижро бюроси фаолияти қисқа муддат ичида йўлга қўйилиб, замонавий бинолар, компьютер, мебель ва бошқа моддий-техника жиҳозлари билан таъминланди.

Ўтган йил июль ойида табиий газдан тўлов режаси 165 фоизга, август ойида 138 фоизга бажарилган. Жорий йилнинг I чорагида электр энергияси учун белгиланган 73,1 миллиард, табиий газ учун белгиланган 105,4 миллиард, сув таъминоти учун белгиланган 9,2 миллиард сўмлик режа бажарилган.

12.jpg

Бундай ижобий кўрсаткичлар юқори баҳоланиб, бюро фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, туман ва шаҳар бўлимларига янги русумдаги махсус автомототранспорт воситалари фойдаланиш учун топширилди.

Бугунги кунда бюронинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, туман ва шаҳар бўлимларида 700 дан ортиқ штат бирлиги очилиб, улар 100 фоиз малакали кадрлар билан таъминланган. Жумладан, 271 нафар давлат инспектори туну кун хизмат қилмоқда. Улар белгиланган тартибда тасдиқланган хизмат кийимлари, иш юзасидан ҳисоб-китобларни амалга ошириш мақсадида термопринтер, терминал ускуналари билан тўлиқ таъминланган.

Шу ўринда қайд этиш керакки, Президентимизнинг ўтган йилги махсус фармон ва қарорлари асосида Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси иш бошлаши билан тўлов тизими такомиллашиб, кўп миқдордаги қарздорликлар камайтирилди.

15.jpg

 

Анвар Насирлаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат) ЎзА