Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида барча соҳаларда ўзаро манфаатли кўп қиррали ҳамкорлик йўлга қўйилган. Барча даражаларда мулоқотлар изчил давом эттирилмоқда.

Иқтисодий, сармоявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги муносабатларни кенгайтириш бўйича қатор келишувларга эришилган. Ушбу йўналишларда муҳим тадбирлар амалга оширилмоқда. Кейинги йилларда Европа томонидан тақдим этилган “GSP+” тартиби туфайли ўзаро савдо ҳажми жадал ортиб бормоқда.

Мазкур жиҳатлар Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоевнинг Европа парламенти депутати, Ўзбекистон бўйича маърузачиси Илхан Кючюк билан учрашувида таъкидланди.

Европа парламенти депутати мамлакатимизда амалга оширилаётган ортга қайтмас ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини алоҳида таъкидлади.

Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда барқарорлик, хавфсизликни мустаҳкамлаш, фаровонликка эришиш, инсон ҳуқуқлари ва фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш бўйича саъй-ҳаракатларини олқишлади.

Икки томонлама парламентлараро ҳамкорлик жадал суръатларда ривожланаётгани ижобий баҳоланди.

Мамлакатда парламентлараро ҳамкорликнинг мавжуд механизмларидан, хусусан, “Ўзбекистон – Европа Иттифоқи” парламент ҳамкорлиги қўмитасидан фаол фойдаланиш юзасидан фикр алмашилди.

Учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси ва Европа парламенти ўртасидаги муносабатларни янада кенгайтиришга келишиб олинди.

Н.Абдураимова, ЎзА