Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қирқ тўққизинчи сессияси бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳукумат аъзолари, тегишли соҳа раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Сессия кун тартибидаги дастлабки масала – “Қорақалпоғистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қорақалпоғистон Республикаси қонуни лойиҳаси ҳақида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Қонунийлик, суд-ҳуқуқ ва коррупцияга қарши кураш масалалари қўмитаси раиси З.Реймова маъруза қилди.
Шунингдек, сессияда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом бола туғилишини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг ҳисоботи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (Омбудсманнинг) Қорақалпоғистон Республикасидаги минтақавий вакилининг 2023 йилги фаолияти тўғрисида, давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг ҳисоботи, Қорақалпоғистон Республикаси Солиқ бошқармаси томонидан 2023 йилда амалга оширилган ишлар, Оролбўйи ҳудудида электр энергетика соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бориши, қиш мавсумида аҳолини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш юзасидан “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Қорақалпоғистон ҳудудий филиали директорининг ахбороти, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг тегишли қарорларини тасдиқлаш тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди.
Кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Сессияда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев иштирок этди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири