“Самарқанд” давлат музей-қўриқхонаси таркибидаги “Буюк Ипак йўли: Ўзбекистон ва Хитойнинг олтин мероси” музейида Ўзбекистон – Хитой маданий ва тарихий меросига бағишланган “Ипак ва Ипак йўли. Ханчжоудан Самарқандгача” деб номланган кўргазма ташкил этилди.

Ўзбекистон маданияти ва санъатини ривожлантириш жамғармаси, Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейи, Ханчжоудаги Хитой миллий ипак музейи ҳамкорлигида ташкил этилган кўргазмада Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти, “Самарқанд” давлат музей-қўриқхонаси ва Ханчжоудаги Хитой миллий ипак музейининг сара тўпламларидан иборат 86 та экспонат намойиш этилмоқда.

Ушбу кўргазма жорий йилнинг сентябрь-ноябрь ойларида Хитой миллий ипак музейида ХIХ Осиё ўйинлари муносабати билан уюштирилган “Ранг-баранг Осиё: Осиё либослари кўргазмаси”нинг ўзига хос рамзий давоми сифатида ўтказилмоқда. “Ранг-баранг Осиё: Осиё либослари кўргазмаси” Ўзбекистон маданияти ва санъатини ривожлантириш жамғармаси кўмагида ўтказилган бўлиб, унда юртимиз анъанавий санъатининг 20 та энг сара намуналари – зарбоф тўнлар, чопон, сўзана ва заргарлик буюмлари намойиш этилган эди. Томонлар ушбу кўргазманинг узвий давоми сифатида Самарқандда халқларимиз ўртасидаги қадимий ҳамкорлик алоқаларидан сўзловчи маданий меросга бағишланган кўргазма ташкил этишга келишишган эди, Ушбу келишув асосида бошланган кўргазмада икки халқ маданиятига оид ноёб экспонатлар томошабинларга  намойиш  этилмоқда.

– Кўргазмадан ўрин олган экспонатлар ўзига хос бетакрор ва қадим тарихни ўзида мужассам этган, – дейди Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси тадқиқотчиси Маҳмудхон Юнусов. – Хитой Миллий ипак музейи билан Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси ўртасида беш йиллик ҳамкорлик шартномаси тузилган. Шу асосда 2022 йилда “Афросиёб” музейида илк қўшма кўргазма уюштирилганди. Жорий йилги иккинчи кўргазма Буюк Ипак йўлидаги муҳим археологик кашфиётларга асосланган. Унда Ханчжоу, Дунхуан, Фарғона ва Самарқандда қазилган археологик ёдгорликлар ва маданий ёдгорликлардан олинган ипак ва Ипак йўли тарихи билан боғлиқ манбалар билан танишиш мумкин. Хусусан, кўргазмада Хитой миллий ипак музейининг 26 та ашёси ўрин олган. Жумладан, Тсин сулоласи даврига оид ипак намуналари, муҳташам расмли газлама тўқиш дастгоҳи, либослар ва шойи маҳсулотлари Хитойнинг қадимий ипакчилигини кўз ўнгингизда намоён этади.

Кўргазма 2024 йилнинг 15 сентябрига қадар давом этади.

Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат),

ЎзА мухбирлари