Эртага Саудия Арабистони Қироллиги Жидда шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилоти ахборот агентликлари иттифоқи (UNA-OIC) ва Мусулмонлар жаҳон лигаси (MЖЛ) ташаббуси билан “Оммавий ахборот воситаларида нафрат ва зўравонлик тарқалиши авж олишини камайтириш” мавзусида халқаро форум ўз ишини бошлайди.

Анжуман ташкилотчилари қуйидаги мақсадларни кўзлаган:

– Масъулиятли ва мувозанатли ОАВни  рағбатлантириш;

– ОАВ ролини, айниқса, Яқин Шарқ минтақасидаги долзарб воқеаларни, нозик маданий ва диний муаммоларни мувозанатли, холис ёритишни таъминлаш ва ОАВ билан ишлашдаги камчиликларни чуқур таҳлил қилиш муҳимлигини таъкидлаш;

– ОАВда нафрат ва зўравонлик кучайишини камайтириш;

– ОАВдаги нохолислик ва тарафкашликнинг халқаро воқеаларга, диний ва маданий ҳамкорликка салбий таъсирини мониторинг қилиш ва айни таъсирларни камайтириш учун стратегиялар ишлаб чиқиш;

– Динлараро ва маданиятлараро мулоқотни мустаҳкамлаш;

– Нозик ва долзарб масалаларни ҳал этишнинг оммавий ахборот воситалари аспектига эътибор қаратиш ва турли динлар ва маданиятлар ўртасидаги муносабатларга оид масалаларни муҳокама қилиш учун платформа яратиш;

– Тегишли масалаларни ҳал қилиш бўйича умумий йўл-йўриқлар бериш;

– Мураккаб, нозик масалаларни идеал ва масъулият билан ҳал қилиш бўйича умумий қарашлар, йўл-йўриқлар билан таъминлаш, ушбу мақсадга ислом ташкилотлари раҳбарлари, турли дин ва маданиятга мансуб халқаро диний етакчилар ҳамда ахборот вазирлари иштирокидиа маслаҳат, йўл-йўриқ сессиялари ташкил этиш орқали эришиш.

Мазкур нуфузли тадбирда дунёнинг 50 дан зиёд ахборот агентликлари вакиллари, ислом оламининг машҳур уламолари, вазирлар ва сиёсий экспертлари, жумладан Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ходимлари ҳам иштирок этади.

– Айни пайт Ғазодаги воқеалар оммавий ахборот воситаларида турлича талқин қилинмоқда, – дейди Сомали Миллий ахборот агентлиги бош директори Исмоил Мухтор Умар. – Яқин Шарқдаги таҳликали вазиятни оммага етказишда баъзан нохолислик кузатилмоқда. Исроил ва Ғазода нималар рўй бераётгани ҳақида ижтимоий тармоқ фейк хабарлар, фитна назариялари, нафрат изҳорига тўлиб кетган. Сохта аккаунтлардан одамларни манипуляция қилиш учун фойдаланилмоқда.

Шу боис форумда айни нозик, долзарб масалаларни ҳал этишда ОАВ аспектига алоҳида эътибор қаратиш ниятидамиз.

– Кейинги даврда медиа майдонда, айниқса ижтимоий тармоқда асоссиз равишда кўпайиб бораётган фейк хабарлар ва дезинформация ҳаққоний ва расмий ахборот етишмаслиги билан бевосита боғлиқ, – деди Иордания динлараро муносабатлар тадқиқот маркази директори Нобил Ҳаддод. – Айрим оммавий ахборот воситалари ташқи коммуникация ҳақида, деярли, ўйламайди. Фикримча, аввало ички коммуникация ва бошқарувни такомиллаштириш орқали ташқи жамоатчилик билан алоқани тизимли йўлга қўйиш мумкин.

Муҳаррама Пирматова,

Ўткир Алимов, ЎзА

Жидда, Саудия Арабистони