“Euro News” маълум қилишича, энг юқори лавозимга номзодлар – иқтисодиёт вазири – Перонистлар вакили, сўл марказчи Серхио Масса ва доимий равишда
Дональд Трамп билан таққосланадиган либертар “Озодлик келади” коалицияси етакчиси Хавер Милей ўртасида “пойга” давом этмоқда.
Бир ой олдин, биринчи босқичда Милей 30 фоиз, Масса эса 37 фоиз овоз тўплаган эди. Амалдаги иқтисодиёт вазирининг муваффақияти таҳлилчиларни ҳайратда қолдирди. У мамлакатда йиллик инфляция даражаси рекорд кўрсаткич – 143 фоизга яқинлашаётганини эълон қилди.
Ташқи қарз ва иқтисодиётнинг стратегик тармоқларида рақобат йўқлиги инфляция тарихан юқори нуқтага чиққанига асосий сабаб сифатида кўрсатилмоқда. Шунингдек, вазият бу йилги қурғоқчилик туфайли янада ёмонлашди.
Масса ҳолатни “бюджет интизоми” ва валюта захирасини бойитиш орқали ўнглашга, Милей эса песони долларга алмаштириб, Марказий банкни тугатишга ваъда бермоқда.
Дастлабки натижалар маҳаллий вақт билан 21.00 дан кейин эълон қилинади.