Ноябрь ойи мамлакатимизда муҳим сиёсий тадбирлар, давлат раҳбарлари ташрифлари ва халқаро даражадаги тадбирларга бой бўлмоқда.

Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон – Франция бизнес форуми ана шундай муҳим тадбирлардан бири бўлди. Тадбир ойнинг бошида ташкил этилган бўлсада унинг аҳамияти ҳақида экспертлар, иқтисодчилар фикрларини билдиришда давом этмоқда.

Давлатимиз раҳбари ўтган йилнинг ноябрь ойида Францияга расмий ташрифи давомида ушбу мамлакат ишбилармон доираларининг етакчи вакиллари билан учрашган эди. Юртимиздаги бизнес форумни ўша самарали мулоқотнинг давоми дейиш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Франция томонидан тадбирда тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларидан ташқари халқаро иқтисодиётда ўз ўрни, нуфузига эга йирик компания раҳбарлари ҳам иштирок этди. Форум бўйича баъзи иштирокчиларнинг фикрларини ҳавола қиламиз.

Ойбек ШАЙХОВ,

Европа – Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлик ассоциацияси бош котиби.

– Бундан олти-етти йил аввал Франция, Германия каби Европа давлатлари Ўзбекистоннинг қаттиқ танқидчиларидан эди. Мамлакатимизда олиб борилган ислоҳотлар, очиқлик сиёсати сабаб бугун бу қарашлар тамоман ўзгарди. Юқорида саналган икки давлат юртимизнинг Европадаги асосий ҳамкорларига айланиб улгурди. Ўзбекистон ва Франция етакчилари муносабатларини кўп қиррали дейиш мумкин. Бу муносабатлар ҳукуматлар алоқаларидаги яқинликда яққол сезилади, ундан сўнг бизнес доира вакилларида натижасини кўрсатади. Ҳаракатлар самарасини бугун барчамиз кўриб турибмиз.

Кристиан ВИЖСЕН,

Франциянинг “Boehringer Ingelheim” компанияси раҳбари.

– Мамлакатлар ўртасида тўғридан-тўғри савдо алоқалари, саноат кооперацияси янада мустаҳкамлашга эътибор қаратилаётгани эътиборга молик. Бу узоқ муддатли режаларга мос келади. Муносабатларда самимийлик, позитив руҳ сезилиб турибди. Ўзбекистондаги иқтисодий соҳадаги ислоҳотлардан ҳам хабардорман. Ўзгаришлар эътирофга лойиқ. Булар биз каби сармоядорлар учун жуда муҳим. Мана шундай ташрифлар, бизнес-форумлар, вазиятга яқиндан баҳо бериш ҳамкорликнинг изчил ва мустаҳкам бўлишида катта аҳамиятга эга. Президентингиз чет эл компаниялари учун етарли шароит яратиб бермоқда. Ҳуқуқий томон, транспорт, логистика тизими анча енгиллаштирилмоқда.

Люк РЕМОН,

Франциянинг “EDF” компанияси раҳбари.

– Мамлакатингиз томони “яшил” энергетика соҳада стратегик ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр экани таъкидлади. Бу шунчаки гап эмаслигини “EDF”, “Voltalia”, “Total Energies” каби компаниялар билан йирик лойиҳаларни бошлашга киришилганида ҳам кўриш мумкин. Бизнинг йўналиш ҳам энергетика соҳаси. Корхонамиз юртингизда қатор лойиҳаларни илгари сурмоқчи. Хусусан, Сирдарё вилоятида газ турбиналари асосида электр энергиясини ишлаб чиқариш режаларимизнинг бир қисми. Биз халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг энергия барқарорлигини таъминлашга ҳиссамизни қўшишни мақсад қилганмиз.

Эслатиб ўтамиз, бизнес форум доирасида энергетика, металлургия, сув таъминоти, қишлоқ хўжалиги, транспорт каби муҳим соҳалар бўйича салмоқли ҳужжатлар имзоланди.

Икром Аввалбоев, ЎзА