Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Маъмурий ислоҳотлар доирасида рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат бошқаруви такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади:

  • рақобатга қарши келишув тузган ёки ўзаро мувофиқлаштирилган ҳаракатни содир этган шахс бу ҳақда монополияга қарши органга биринчи бўлиб ихтиёрий равишда хабар қилса, ушбу шахсга нисбатан молиявий санкциялар қўлланилмайди;
  • монополияга қарши орган рақобат тўғрисидаги қонунчиликни бузганликнинг иқтисодий таъсир даражаси паст ҳолатлар бўйича биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган тадбиркорлик субъектларига нисбатан молиявий санкциялар белгилаш ва ундириш тўғрисида судга мурожаат қилинмайди, уларга нисбатан профилактик тушунтириш тадбирлари амалга оширилади;
  • давлат органлари давлат ёрдамини беришни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини уларнинг рақобат муҳитига таъсирини баҳолаш учун Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига мажбурий тартибда киритади;
  • Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ходимлари танлов (тендер) комиссиялари таркибига киритилмайди.

ЎзА