Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги ташаббуслари Вашингтонда эътироф этилди

ВАШИНГТОН, 14 май. ЎзА махсус мухбири Абу Бакр ЎРОЗОВ хабар қилади.

photo5463038997552015691.jpgАввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трампнинг таклифига биноан 2018 йил 15-17 май кунлари расмий ташриф билан АҚШда бўлади.

Давлатимиз раҳбарининг АҚШга расмий ташрифи олдидан Ўзбекистон делегацияси аъзолари қатор муҳим тадбирларда иштирок этмоқда. Вашингтон шаҳридаги Миллий пресс-клубда «Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида эришган ютуқлари ва истиқболдаги вазифалар» мавзуида конференция бўлиб ўтди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Халқаро пресс-клуб, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси ва қатор халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда таниқли олимлар, мутахассислар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов, франциялик тарихчи олим, социолог М.Ларюэль, Human Rights Watch ташкилотининг Марказий Осиё бўйича раҳбари С.Свердлов, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси бошқаруви раиси Ф.Абдухолиқов, Халқаро пресс-клуб раҳбари Ш.Қудратхўжаев ва бошқалар Ўзбекистонда демократик ҳуқуқий давлат, кучли фуқаролик жамияти барпо этиш, инсон ҳуқуқларини таъминлашда оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш, юртимизнинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашига йўналтирилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Таъкидландики, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва унинг асосида қабул қилинган қонунлар жамият ва давлат фаолиятининг барча соҳаларини ислоҳ қилиш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратди. Ўзбекистон Конституциясида мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг қўшилган дастлабки халқаро ҳуқуқий ҳужжатлардан бири бўлган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида назарда тутилган асосий тамойиллар ўз ифодасини топган.

Бугунги кунда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича 70 та асосий ҳужжатга қўшилган, БМТ томонидан ушбу соҳада қабул қилинган 10 та асосий халқаро шартнома иштирокчисидир.

Мамлакатимизда миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига халқаро стандартларни тизимли ва босқичма-босқич имплементация қилишнинг ўз модели, инсоннинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилиши мониторинги миллий тизими шакллантирилган.

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш мақсадида қонун ҳужжатлари муттасил такомиллаштириб борилмоқда.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ижроси доирасида мамлакатнинг халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъекти сифатидаги ўрни ва ролини янада мустаҳкамлаш, ривожланган демократик давлатлар қаторидан ўрин олиш, Ўзбекистон атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва яқин қўшничилик муҳитини яратиш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Конференцияда сўнгги йилларда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бўйича амалга оширилаётган ишлар дунё жамоатчилиги томонидан алоҳида эътирофга сазовор бўлаётгани қайд этилди.

Тадбирда мамлакатимизда суд ҳокимиятининг фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдаги роли, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш соҳасида эришилган натижалар юзасидан фикр алмашилди.

Соҳа мутахассислари журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.

 

ЎзА