Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан илгари сурилган “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” тамойили асосида жойларда ташкил этилаётган сайёр қабуллар аҳолининг кундалик ҳаётида учраётган муаммоларнинг ижобий ҳал этилишига, уларнинг бугунги кундан рози бўлиб яшашига хизмат қилмоқда.

Буни ҳар бир шаҳар ва туманда, шунингдек, чекка ҳудудларда ўтказилаётган сайёр қабулларда кўриш мумкин. Мазкур қабуллар давомида аҳолидан келиб тушган мурожаатларнинг аксарияти ижобий ечим топмоқда.

– Жорий йил 9 ойи давомида жами 888 та масала бўйича мурожаат келиб тушди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикаси Қонликўл туманидаги Халқ қабулхонаси мудири Ж.Уббиниязов. – Шундан 870 та масала кўриб чиқилиб, уларнинг 420 таси ижобий ечимини топган, 227 таси бўйича ҳуқуқий маслаҳат берилган, 12 таси узоқ муддатли назоратга олинган. 138 таси юзасидан тушунтириш берилиб, бугунги кунда 18 та мурожаат ўрганиш жараёнида.

Жумладан, “Арзимбетқум” овул фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи фуқаро А.Камалов Халқ қабулхонасига билдирган мурожаатида уй-жойига қўшимча пойдевор қуйиш учун қурилиш ишларини олиб боришда амалий ёрдам сўраган. Ушбу масала тегишли ташкилотлар билан биргаликда ўрганиб чиқилди ва ижобий ҳал қилинди. Ушбу овул фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи фуқаро Қ.Каримбекова қизи Г.Ешмуратовани даволатиш учун моддий ёрдам сўраб, мурожаат қилган. Мурожаат Халқ қабулхонаси томонидан назоратга олиниб, унга 10 миллион сўм моддий ёрдам пули ажратилди. Шунингдек, “Қонликўл” шаҳарча фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи фуқаро З.Сапарованинг кредит олиш мақсадида туман “Халқ банки” филиалига зарур барча ҳужжатларни топширгани, аммо шу кунга қадар кредит ҳал қилинмаганлиги тўғрисидаги мурожаати назоратга олиниб, фуқарога 33 миллион сўм кредит маблағи ажратилди.

Туманнинг “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи фуқаро М.Генжебаевга тадбиркорликни бошлаши учун ер ажратилган, лекин унга тегишли ташкилотлар томонидан ҳар хил баҳона билан қурилиш ишларига рухсат берилмай келинган. Фуқаронинг ушбу мурожаати ўрганиб чиқилди ва ижобий ҳал қилинди.

Бундан ташқари, сектор раҳбарлари ҳамда Халқ қабулхонаси томонидан тасдиқланган режага асосан ҳар бир ҳудудда сайёр қабуллар ўтказилиб, унда фуқаролар томонидан билдирилган муаммолар ўзининг ижобий ечимини топмоқда. Жумладан, 3-сектор раҳбари томонидан ўтказилган сайёр қабул давомида “Қосжап” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Бозатау” овулида яшовчи аҳолини қийнаб келаётган муаммолар ўрганилди. Овул ҳудудидаги 2,7 километр йўлга қум-шағал аралашмаси ётқизилди. Ушбу овул фуқаролар йиғинда яшовчи фуқаролар М.Ибрагимова, Ф.Сеитжанова ҳамда Т.Калиеваларнинг уйларини таъмирлашда амалий ёрдам сўраган мурожаатлари асосида уларга қурилиш материаллари олиб берилди.

Ҳар бир мурожаат замирида инсон тақдири ётади. Шундай экан, келгусида ҳам фуқароларнинг мурожаатларини тегишли ташкилотлар билан биргаликда ўрганиб чиқиб, ижобий ҳал этиш чоралари кўрилади. Зеро, мурожаатлар билан ишлаш бугунги куннинг долзарб масаласи ҳисобланади.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири