Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан олий таълим муассасалари талабалари ўртасида “Биз ёшлар ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қаршимиз” шиори остида “Ёшлар ва қонун” танлови ўтказилди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгашининг “Турли қонунбузарликларга мойил ёшлар, ёш ўсмирларни маънавий тарафдан тарбиялашда ижтимоий шерикликни кучайтириш” йўналишидаги лойиҳаси Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан эълон қилинган грант танловида ғолиб бўлган эди.
Лойиҳа доирасида Ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ташаббуси билан турли мавзуларда тадбирлар, хусусан, спорт мусобақалари, ўқув-семинарлар, танловлар, саёҳатлар, психологик қабуллар ўтказилмоқда. Шу жумладан, ёшлар билан самарали чора-тадбирлар олиб бориш ва уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ҳуқуқий ислоҳотларга муносабатини ошириш, ёшларга оид давлат сиёсатини мунтазам амалга ошириш мақсадида “Ёшлар ва қонун” танлови ташкил этилди.
Унда иштирок этган 8 та жамоа “Ёшлар овози”, “Блиц савол-жавоб”, “Муаммо ва ечим” шартлари бўйича ўз маҳоратларини намойиш этишди. Якуний натижага кўра, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтининг “Мустақиллик ёшлари” жамоаси биринчи, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиалининг “Ренессанс ёшлари” жамоаси иккинчи, Қорақалпоғистон тиббиёт интитутининг “Гиппократ” жамоаси учинчи ўринни эгаллади.
Ғолиб жамоалар Ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари.