Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасида илк маротаба “Ўзбекистон заргарлик санъати” мавзусида кўргазма-ярмарка ташкил этилди.
Бундан кўзланган асосий мақсад заргарлик маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳамда харид қилувчи тадбиркорлар ўртасида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, ички бозорни импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар билан таъминлаш, аҳолининг заргарлик буюмларига бўлган эҳтиёжини қаноатлантириш ва қизиқишларини орттиришдир.
Тадбирда Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги етакчи заргарлик корхоналари ўз маҳсулотлари билан иштирок этди. Жумладан, кўргазмада олтин, кумуш ва бошқа қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмлари, тақинчоқлар, аксессуарлар, сувенирлар намойиш этилди.
Ташриф буюрувчилар буюмларни томоша қилиш билан бирга, уларнинг сифати юзасидан зарур маълумотга ҳамда буюмларни харид қилиш имконига эга бўлди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари.