Кунлар совиши билан электр энергиясига бўлган эҳтиёж ҳам ортиши табиий ҳол. Бундай вазиятда аҳоли ва ишлаб чиқариш соҳаларини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мақсадида муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади.
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасида ушбу йўналишда тузилган ишчи гуруҳ томонидан объектларда қуёш панеллари ўрнатилиши борасидаги ишлар назоратга олинди. “Sanoatqurilishbank” акциядорлик тижорат банкида жорий йил бошидан замонавий муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш йўлга қўйилган. Объектга ўрнатилган 60 квт/с қувватли қуёш панели ёрдамида ишлаб чиқарилаётган энергия банк электр энергиясига бўлган эҳтиёжининг 50 фоизини тўла қопламоқда. Йил бошидан жами сарфланган 111 Мвт энергиянинг қарийб 55 Мвти яшил энергия ҳисобига тўғри келади. Объектга ўрнатилган муқобил энергия манбалари ёрдамида йилига ўрта ҳисобда ташкилотнинг 75 миллион сўм пул маблағи иқтисод қилинишига эришилган.
Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасида фаолият юритаётган жами 64 та масжиддан 50 тасида қуёш панели ўрнатилиб, ушбу ижтимоий соҳа объектларида яшил энергиядан кенг кўламда фойдаланиш йўлга қўйилган. Ишчи гуруҳ вакиллари Нукус шаҳридаги Имом эшон Муҳаммад жоме масжидида бўлиб, ўрнатилган қуёш панеллари мониторингини амалга оширишди. 5 квт/с қувватга эга ўрнатилган қуёш панеллари томонидан ишлаб чиқарилаётган энергия йиллик 36 минг квтга тенг бўлган объект эҳтиёжининг 30-35 фоизини қопламоқда.
Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 16 февралдаги “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси бўйлаб жами 7 минг 107та объектда қуввати 33 минг 818 квтга тенг бўлган қуёш панели ўрнатилиши режалаштирилган. Жорий йилнинг дастлабки 9 ойи натижасига кўра, ҳудуддаги жами 3 минг 5та объектга қуввати 15 минг 960 квтлик қуёш панели ўрнатилиши таъминланган.
Энергиянинг экологик тоза, қулай ва самарали манбаларидан фойдаланиш аҳолининг электр энергияга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қаноатлантириб, унга сарфланадиган маблағнинг тежалишига ҳам замин яратмоқда. Бир сўз билан айтганда, қуёш панеллари халқ фаровонлиги йўлида ташланган муҳим қадамдир.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири