Қарор ва ижро
Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тасарруфидаги республика “Баркамол авлод” болалар мактабида мактабдан ташқари таълим самарадорлигини янада ошириш, уларда замонавий тўгаракларни ташкил этишга бағишланган ўқув-семинар бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 30 сентябрдаги “Халқ таълими тизимидаги мактабдан ташқари таълим самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида мамлакатимизда ўқувчи ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, ёш авлоднинг ижодий қобилиятини аниқлаш ва ривожлантириш, ёшлар таълим-тарбияси учун қўшимча шароитлар яратишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олган бешта ташаббус амалиётга жорий этилмоқда.
Мазкур мактабларнинг асосий вазифаси ёш авлоднинг қизиқишига биноан уларнинг ижод ва санъатга бўлган қобилиятини ривожлантириш, бўш вақтини мазмунли ўтказишини таъминлаш, санъат, спорт, ахборот технологияларига қизиқишини ошириш, болаларда касбни эгаллаш бўйича дастлабки билим ва кўникмаларни шакллантиришдан иборатдир.
Қорақалпоғистон Республикасида 1 та республика, 17 та шаҳар ва туман “Баркамол авлод” болалар мактаби фаолият кўрсатмоқда. Ушбу мактаблардаги 822 та тўгаракка 6 ёшдан 18 ёшгача бўлган 24 минг 63 нафар ўқувчи жалб қилинган бўлиб, уларга 876 нафар педагог- мутахассис таълим ва касб-ҳунар сирларини ўргатиб келмоқда.
“Баркамол авлод” болалар мактабларида ўқувчиларнинг билим ва кўникмаларини бойитиш, маҳоратларини янада юксалтириш борасида самарали ишлар олиб борилмоқда. Ўқувчилар турли тўгаракларда таълим олиш билан бирга, шаҳар, туман, республика, шунингдек, хорижда ўтказилган кўргазма, кўрик-танловлар ҳамда фестивалларда иштирок этиб, совринли ўринларни эгаллашмоқда. Шунингдек, ҳар бир чоракда бериладиган таътил кунларида турли тадбирлар, учрашувлар, кўрик- танловлар ташкил этилмоқда.
2022-2023 ўқув йилида ҳар томонлама сифатли таълим бериш, ўқувчиларнинг ёзги таътил кунларини мазмунли ва фойдали ташкил этиш мақсадида ушбу мактабларда “Соғломлаштириш майдончалари” ҳамда бепул тўгараклар ташкил этилди. 2023-2024 ўқув йилидан бошлаб республика, шаҳар ва туман “Баркамол авлод” болалар мактаблари томонидан умумтаълим мактабларида 461 та тўгаракка 14 минг 385 нафар, маҳаллалардаги 5 та тўгаракка 100 нафар, болалар боғчаларидаги 5 та тўгаракка 100 нафар ҳамда имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатлардаги 5 та тўгаракка 184 нафар ўқувчи жалб қилинди.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 11 майдаги “2022-2026 йилларда мактаб таълимини ривожлантириш бўйича миллий дастурни тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида республика бўйича 14 та “Баркамол авлод” болалар мактабида “Замонавий касблар” лабораториясини ташкил этиш ва тўгарак раҳбарларини ўқитиш белгиланган эди. Шу муносабат билан Қорақалпоғистон Республикаси “Баркамол авлод” болалар мактабида “Компьютер дизайни ва графикаси”, “Робототехника” ҳамда “Ёш дастурчи” тўгараклари ташкил этилди. Бундан ташқари, 2023-2024 ўқув йилидан бошлаб давлат-хусусий шериклик асосида “Компьютер графикаси” тўгараги фаолиятини бошлади.
Президентимизнинг 2023 йил 26 майдаги “Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда унинг тизимидаги ташкилотлар фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш юзасидан “Сирдарё тажрибаси” асосида Хўжайли тумани “Баркамол авлод” болалар мактабида миллий сертификат (CEFR) ва хорижий сертификатларга (IELTS, TOEFL) ўқитиш учун “Инглиз тили” тўгараклари ташкил этилди. Ёш авлодни маънавий баркамол этиб тарбиялаш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишни таъминлаш, бунда уларнинг санъат, спорт, ахборот технологияларига қизиқишини ошириш мақсадида барча “Баркамол авлод” болалар мактабларида “Буюк келажакка баркамол авлод билан” шиори остида “Очиқ эшиклар куни” тадбирлари ўтказилди.
“Янги имкониятлар ойлиги” доирасида ўқувчи-ёшларнинг иқтидор ва истеъдодларини янада юксалтириш, интеллектуал салоҳиятини ошириш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида ўтказилган “Жаҳон миллий рақслари” кўрик-танловининг мамлакатимиз босқичида Қорақалпоғистон Республикаси “Баркамол авлод” болалар мактабининг “Тўмарис қизлари” гуруҳи аъзолари учинчи ўринни, “Рассомлик санъати” тўгараги аъзоси Ислом Ажимуратов жорий йилнинг сентябрь ойида Россияда ўтказилган ёш рассомларнинг “Лев Толстой – это целый мир” мавзусидаги онлайн танловида биринчи ўринни эгаллаган бўлса, Тахтакўпир, Мўйноқ, Шуманай туманлари “Баркамол авлод” болалар мактабларининг тўгарак аъзолари Македонияда ўтказилган “Мультфильмлар галереяси”, Хитойнинг Нинбо шаҳрида ўтказилган онлайн танловларда ғолибликни қўлга киритди.
Ўқув-семинарда мактабдан ташқари таълим муассасаларига ўқувчилар қамровини ошириш, ўқувчилар қизиқишларига кўра замонавий, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик асосидаги тўгаракларни ташкил этиш, ўқувчи ёшларнинг ижодий ишларини оммалаштириш каби муҳим масалалар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),
ЎзА мухбирлари