МДҲ иштирокчи давлатлари парламентлараро ассамблеяси ишчи органларининг видеоконференцалоқа шаклида мажлислари бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзолари, шунингдек, ўндан ортиқ экспертлар ва қонун ижодкорлари иштирок этди.

Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Эркин Гадоев назорат-бюджет комиссиясининг мажлисида иштирок этди.

Комиссия аъзолари МДҲ парламентлараро ассамблеяси аъзо давлатлар томонидан келгуси йил учун давлат бюджети тўғрисида қабул қилинган қонунлар юзасидан маълумот алмашди. МДҲ парламентлараро ассамблеяси кенгаши фаолиятининг молиявий жиҳатларига оид қарорлар лойиҳалари юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов МДҲ парламентлараро ассамблеяси мудофаа ва хавфсизлик масалалари доимий комиссиясининг мажлисида иштирок этди.

МДҲ иштирокчи давлатларининг 2020–2022 йилларга мўлжалланган терроризм ва экстремизм ҳамда бошқа кўринишдаги зўравонликларга қарши курашиш бўйича ҳамкорлик дастурини амалга оширишга қаратилган “Жамоат хавфсизлиги тўғрисида”ги намунавий қонун лойиҳаси кўриб чиқилди ва асос сифатида қабул қилинди.

Мазкур намунавий қонун лойиҳасини эксперт хулосалари олиш учун иштирокчи давлатлар парламентларига юбориш, қайта кўриб чиқилган ҳужжатни эса комиссиянинг навбатдаги мажлисида кўриб чиқиш учун МДҲга аъзо давлатларнинг Аксилтеррор марказига тақдим этиш таклиф этилди.

Мажлисда намунавий қонун лойиҳалари, Акваториядаги ноқонуний фаолиятга чек қўйиш соҳасидаги ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштириш ва МДҲ иштирокчи давлатлари чегара органларининг терроризмга қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштириш бўйича тавсиялар ҳам кўриб чиқилди.

МДҲ намунавий қонунчилигининг 2023–2025 йилларга мўлжалланган истиқболли режасига мувофиқ назарда тутилган “Сафарбарлик тайёргарлиги ва сафарбарлик тўғрисида”ги намунавий қонун лойиҳаси концепцияси лойиҳасини иштирокчи давлатлар парламентларига эксперт хулосаларини олиш учун ҳамда такомилига етказилган ҳужжатни комиссиянинг навбатдаги мажлисида кўриб чиқиш учун ишлаб чиқувчига юбориш таклиф этилди.

МДҲ парламентлараро ассамблеяси комиссиялари 2023 йилдаги фаолиятини сарҳисоб қилиб, иш режасини ҳамда 2024 йилга мўлжалланган тадбирлар режасини амалга ошириш тўғрисида қарор қабул қилди.

 

Н.Абдураимова,

ЎзА