Болалар нафақаси ёки моддий ёрдамни олишни истовчи оилалар кўп. Аммо, болалар нафақаси ёки моддий ёрдам тайинлашни сўраб мурожаат қилган фуқароларнинг ҳаммасига ҳам берилмайди. Хўш, нима учун? Болалар нафақаси ёки моддий ёрдам ўзи кимларга берилади?

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, оилани кам таъминланган деб эътироф этиш ҳамда уларга болалар нафақаси ва моддий ёрдамни тайинлаш ва тўлаш «Ягона реестр» АТда автоматик тарзда амалга оширилади.

Маълумот учун: “Ягона реестр” АТ бу – идоралараро электрон маълумот алмашув асосида кам таъминланган оилаларни аниқлаш, уларга болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинлаш амалга ошириладиган автоматлаштирилган ахборот тизими.

Болалар нафақаси ёки моддий ёрдам тайинлашда “Ягона реестр” АТда оиланинг расмий даромадлари, мавжуд кўчмас мол-мулклари ва автотранспорт воситалари ҳамда бошқа маълумотлари асосида мезонларга мос келиши ўрганилади.

Бунда қуйидаги ҳолларда болалар нафақаси ёки моддий ёрдамни тайинлаш рад этилади:

а) ариза берувчи оиласининг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган бир ойлик ўртача жами даромад минимал истеъмол харажатлари миқдори (ҳозирги кунда 568 минг сўм)дан ошганда;

б) ариза берувчи ва унинг оила аъзолари эгалигида жами биттадан ортиқ кўчмас мулки ёки бир ва ундан ортиқ нотурар жой бинолари мавжуд бўлганда;

в) ариза берувчи ёки унинг оила аъзоларида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ўз номига расмийлаштирилган ёки бош ишончномага асосан қуйидагилар мавжуд бўлганда:

ишлаб чиқарилган муддати 7 йилдан ошмаган, техник ҳолати соз бўлган енгил автотранспорт воситаси;

ишлаб чиқарилган муддати 15 йилдан ошмаган, техник ҳолати соз бўлган юк ташувчи автотранспорт воситаси, автобус, микроавтобус, экскаватор, трактор, комбайн, юк ташувчи автотранспорт воситаларининг тиркамалари ва ярим тиркамалари, автокран ва бошқа қурилиш техникаси;

жами икки ва ундан ортиқ, техник ҳолати соз бўлган енгил ва юк ташувчи автотранспорт воситалари, микроавтобус, экскаватор, трактор, комбайн, юк ташувчи автотранспорт воситаларининг тиркамалари ва ярим тиркамалари, автокран ва бошқа қурилиш техникаси;

е) оилада меҳнат органлари томонидан тайинланган ишсизлик нафақасини олаётган аъзолари мавжуд бўлганда;

ё) оиланинг охирги 12 ой давомида иш қидираётган аъзоси томонидан меҳнат органларининг мақбул келадиган ишга доир таклифларини мунтазам равишда (икки ва ундан ортиқ маротаба) рад этилган ҳолларда;

ж) расмий даромад манбаларига эга бўлмаган ва охирги олти ой мобайнида иш излаб меҳнат органларига мурожаат қилмаган ҳамда меҳнат органларида ҳисобда турмаган, ўзини ўзи банд қилган шахслар рўйхатига киритилмаган ёки ҳақ тўланадиган жамоат ишлари иштирокчиси ҳисобланмаган меҳнатга лаёқатли оила аъзоси мавжуд бўлганда.

Бунда ариза берувчига «Ягона реестр» АТ орқали болалар нафақаси ёки моддий ёрдам тайинлаш ёки рад қилинганлиги тўғрисида электрон хабар (аризада кўрсатилган электрон манзилга ёки СМС-хабарлар хизмати орқали мобил телефон рақамига) юборилади.

 

ЎзА