Нукусда “Kardar academy school” нодавлат умумтаълим муассасасининг очилиш маросими бўлди. Сўзга чиққанлар мамлакатимизда сўнгги йилларда юзлаб замонавий, шу жумладан, Президент, ижод ҳамда ихтисослаштирилган мактаблар барпо этилганлигини қайд этди.
Жорий йил 28 август куни Президент раислигида мактабларда таълим сифатини ошириш, ўқувчи ўрнини кўпайтириш ва ўқитувчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилган устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида хусусий секторга қўшимча шароитлар яратиш орқали йилига камида 25 минг ўқувчи ўрнини очиш, бунинг учун тадбиркорларга хусусий мактаб ташкил қилиш учун имтиёзлар бериш вазифаси белгиланганди.
Нукус шаҳрида иш бошлаган “Kardar academy school” нодавлат умумтаълим муассасаси шулар жумласидандир. Мазкур муассасанинг қурилиш-таъмирлаш ишлари учун 3 миллиард 76 миллион сўм маблағ ажратилди. Унда таълим оладиган 300 нафарга яқин ўқувчига ўз касбининг фидойиси ҳисобланган тажрибали ўқитувчилар, шу жумладан, инглиз тилидан C1 ҳамда B2 даражаларидаги миллий ёки унга тенглаштирилган халқаро сертификатга эга бўлган педагог ходимлар дарс беради. Муассасада дарслардан ташқари хитой, корейс ва турк тиллари, математика ва ментал математика, шахмат-шашка, миллий ва замонавий рақс тўгараклари фаолият олиб боради.
Тадбир иштирокчилари муассасада ўқувчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),
ЎзА мухбирлари