Қорақалпоғистон Республикаси Қораўзак тумани “Есим” овул фуқаролар йиғини ҳудудида 2-сонли умумтаълим мактабининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда туман ҳокими У.Утамбетов, Қорақалпоғистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазири вазифасини бажарувчи Г.Кожабаева ва бошқалар давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда мактабгача ва мактаб таълими тизимини ривожлантириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ёш авлодни она Ватанга садоқат, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида гапирди.
Таъкидланганидек, аҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш, ҳудудларда замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида кўп қаватли уй-жойлар, ижтимоий соҳа ва инфратузилма объектлари ҳамда муҳандислик-коммуникация тармоқлари қурилишини жадаллаштириш, ер ресурсларидан оқилона фойдаланишда давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 9 декабрдаги “Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони муҳим аҳамият касб этмоқда. Ушбу фармон ижросини таъминлаш мақсадида тумандаги “Есим” овул фуқаролар йиғини ҳудудидан 10 гектар ер майдони танлаб олиниб, 2022-2024 йиллар мобайнида кўп қаватли уйлар ҳамда 330 ўринли мактаб биносини қуриш белгиланган эди. Натижада мактабнинг янги биноси “Тўрткўл агротемирйўл таъмир” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан барпо этилди.
Тадбирда секторлар раҳбарлари, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги мутасаддилари, нуронийлар, ота-оналар ва ҳудуд аҳолиси иштирок этиб, мактабнинг янги биносида ўқувчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири