Орденли ўқитувчилар
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ўқитувчи касбининг аҳамияти ва обрў-эътиборини ошириш, умумтаълим мактаблари ўқитувчилари меҳнатини рағбатлантириш ҳамда улар ҳаётининг моддий шарт-шароитларини яхшилаш юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан мамлакатимизда ўқувчи ва талаба ёшларга илм-фан асослари, замонавий касб-ҳунарларни ўргатиш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, Янги Ўзбекистон бунёдкорлари бўлган етук ва баркамол авлодни шакллантириш йўлидаги катта хизматлари, фарзандларимизни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашдаги ибратли фаолияти учун бир гуруҳ соҳа фидойилари фахрий унвон, орден ва медаллар билан мукофотланди.
Улар орасида Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги Мўйноқ тумани ихтисослаштирилган мактабининг математика фани ўқитувчиси Дилбар Тлеуова ҳам бор. У II даражали “Соғлом авлод учун” ордени билан тақдирланди.
Дилбар Тлеуова 2001 йили Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтини муваффақиятли тамомлаб, меҳнат фаолиятини ўзи туғилиб ўсган Мўйноқ тумани 1-сонли давлат ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактабида ёшларга математика ва информатика фанидан таълим беришдан бошлади. Бугунги кунда мактабдаги кўп йиллик тажрибага эга, юқори малакали педагоглардан бири ҳисобланади. У 2016-2017 ўқув йилида “Устоз-шогирд” дастури бўйича туман мактаби ўқитувчилари иштирокида 8-синфда “Трапециянинг ўрта чизиғи”, 2017-2018 ўқув йилида “Квадрат тенгламани ечиш”, 2018-2019 ўқув йилида 9-синфда “Даража қатнашган тенглама ва тенгсизликлар” мавзуларида намунали очиқ дарслар ўтилиб, методик қўлланмалари ва дарс ишланмалари ишлаб чиқилди ҳамда туман мактабларига тарқатилди.
Унинг шогирдлари математика фанидан ўтказилаётган фан олимпиадалари ҳамда “Билимлар беллашуви” танловларида муваффақиятли иштирок этиб келмоқда. Жумладан, ўқувчиси З.Баймуратов 2017-2018 ўқув йилида «Билимлар беллашуви»да туманда фахрли иккинчи, 2018-2019 ўқув йилида биринчи, 2019-2020 ўқув йилида яна биринчи ўринни эгаллаб, Қорақалпоғистон Республикаси босқичига йўлланма олди. 2021-2022 ўқув йилида STEAM фанларига ихтисослаштирилган 8-сонли Инновацион мактабнинг 9-синф ўқувчиси Г.Уразалиева фанлар олимпиадасининг туман босқичида фахрли I-ўринни эгаллаб, Қорақалпоғистон Республикаси босқичида яхши натижани қўлга киритди.
– Д.Тлеуова мактабнинг аниқ фанлар бўйича методика бирлашмаси раҳбари сифатида сўнгги йилларда илғор педагогларнинг 40 дан зиёд ўқув-услубий тавсияси, намунавий дарс ишланмалари ва электрон тақдимот материалларини тўплаб, Қорақалпоғистон Республикаси миқёсида оммалаштирилишига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда, – дейди мактаб директори Мақсет Утениязов. – Ўқувчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни ёт ғоялар таъсиридан асраш мақсадида маънавий-маърифий тадбирларни ташкил этиб, мазкур тадбирларда мустақиллик йилларида мамлакатимизда барча соҳаларда эришилган юксак натижалар, ёшларга қаратилаётган катта эътибор ва яратилган кенг имкониятларни фаол тарғиб қилмоқда.
Тажрибали ўқитувчи Д.Тлеуова кўп йиллик самарали меҳнати ҳамда ёш авлодни тарбиялашда намунали натижаларга эришганлиги учун Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари Мактабгача ва мактаб таълими вазирликларининг “Фахрий ёрлиқлари”, “Ўзбекистон Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди. 2016-2017 ўқув йилида “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик- танловининг туман босқичида 1-ўринни эгаллаб, республика танловида муваффақиятли иштирок этди.
– Касб байрами арафасида менга берилган II даражали “Соғлом авлод учун” ордени билимли, юксак салоҳиятли ва баркамол авлодни тарбиялаш, уларга замонавий билим бериш йўлида янада изланишга, янги марраларни забт этишга ундайди, – дейди Дилбар Тлеуова.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири