Орол муаммоси нафақат Қорақалпоғистон ёки Ўзбекистоннинг, балки бутун минтақа учун муҳим масаладир. Шунинг учун ҳам қуриган денгиз тубини яшиллаштириш, сув ҳавзаларини очиш ва оқибатларни юмшатиш бугуннинг долзарб масаласидир.

Оролбўйида экологик хавфсизликни таъминлаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, денгиз қуришининг салбий оқибатларини юмшатиш борасидаги ишлар тўхтагани йўқ.

Орол денгизининг суви қуриган тубида ва Оролбўйи ҳудудларида “яшил қоплама”лар барпо этиш, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида ерларни ўзлаштириш, ер майдонларини томчилатиб суғориш тизимини яратиш, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” давлат дастурларини амалга ошириш ишларига Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизими шахсий таркиби ҳам ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Хусусан, Оролбўйида қум кўчкиларини мустаҳкамлаш, Оролнинг қуриган қисмидан ҳавога заҳарли аэрозоль чанглари кўтарилишини камайтириш, чўл шароитига чидамли ва озуқа ўсимликлари кўчатларини етиштириш, денгизнинг қуриган қисмини дарахтзор ва бутазорларга айлантириш юзасидан салмоқли ишлар амалга оширилди.

Сўнгги йиллар давомида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва бошқа идоралар билан ҳамкорликда Орол денгизининг суви қуриган ҳудудларида жами 1 миллион 769 минг га. майдонда ўрмон-мелиорация ишлари амалга оширилиб, 1 миллион 244 минг га. майдонга авиация, 405 минг га. майдонга махсус техникалар, 19,4 минг га. майдонга дельтаплан ёрдамида чўл ўсимликлари уруғлари, 90 минг га. майдонга турли хил кўчатлар экилган.

Бугунга қадар 403 нафар мутахассис-ишчи ҳамда 136 та бурғулаш ва бошқа махсус техника Қорақалпоғистон Республикасининг аҳоли ва чорва учун ичимлик суви ҳамда оқар сув танқис бўлган ҳудудларига сафарбар этилган. Мазкур куч-воситалар ёрдамида Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ, Бўзатов, Қораўзак ва Тахтакўпир туманларидаги 41 та аҳоли пунктида бурғулаш орқали қудуқ қазиш ишлари ташкил этилди. 26 та овул фуқаролар йиғинлари ҳудудидаги 103 та нуқтада 15-500 метр чуқурликдаги қудуқларни бурғулаш ишлари натижасида маҳаллий аҳоли таъминоти ҳамда Оролбўйи ҳудудини кўкаламзорлаштириш учун 177 та артизан қудуқлари тайёрланиб, 10 мингдан ортиқ аҳоли кафолатланган сув манбаи билан таъминланган.

Жорий йилда ҳам Орол денгизининг суви қуриган ҳудудларида “Яшил қопламалар” ҳимоя ўрмонзорларини барпо қилиш қилиш бўйича жами 100 минг га. режа қилинган. Бу борада кенг кўламли ишлар бажарилмоқда.

Муҳайё Тошқораева тайёрлади, ЎзА