Пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Ушбу нуфузли тадбир иштирокчилари дастлаб Тошкент шаҳридаги “Адиблар хиёбони”да бўлиб, мазкур муаззам хиёбон мисолида мамлакатимизда маърифий жабҳада амалга оширилаётган кенг қамровли янгиланиш жараёнлари билан танишди.

“Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова мамлакатимизда таълим соҳасига қаратилаётган эътибор бугун мисли кўрилмаган кўлам ва миқёс касб этаётганини таъкидлади. Бу борада давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурларини жаҳон андозалари даражасида такомиллаштириш, Президент мактабларидаги илғор ўқув методика ва тажрибаларни умумтаълим мактабларида ҳам оммалаштириш, педагогларнинг касбий билим ва салоҳиятини янада юксалтириш, ўқитувчилик касбининг жамиятдаги мавқеини юксалтириш борасида кенг қамровли янгиланиш жараёнлари кечмоқда. Буларнинг бари мактабгача ва мактаб таълимини сифат жиҳатдан янада юксалтиришда муҳим омил бўлмоқда.

Тантанали тадбирда юртимиз таълим муассасаларида дарс бераётган устозлар, шунингдек, хорижлик педагогларнинг катта гуруҳига “Халқ таълими аълочиси”, “Халқ таълими фидойиси” кўкрак нишонлари топширилди.

Дарҳақиқат, Президентимиз томонидан таълимга қаратилаётган улкан эътибор жамиятимизда кечаётган янгиланиш жараёнларини янада жадал кечишга зўр туртки бермоқда. Янгиланган Конституциямизда ўқитувчи мақомини янада юксалтириш масаласига устувор аҳамият қаратилган.

Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига байрам табригини Президент Администрациясининг Ижтимоий ривожланиш департаменти раҳбари Одил Абдураҳмонов ўқиб эшиттирди.

Тадбирда сўнгги йилларда педагог кадрлар учун юртимизда мисли кўрилмаган имкониятлар яратиб берилгани алоҳида таъкидланди. Жумладан, педагог ходимларнинг иш ҳақи 2 босқичда 1,5 баробар оширилди. Педагог ходимлар томонидан юритилаётган ҳужжатлар сони кескин камайтирилди. Ўқитувчиларнинг обрўси, жамиятдаги мавқеини кучайтиришга, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини янада кўпроқ ҳимоялашга қаратилган бир қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Шу билан бирга, таълим ташкилоти педагог ходимининг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ёки ўз хизмат вазифаларини бажаришга тўсқинлик қилиш учун ҳам маъмурий жавобгарлик кучайтирилди.

–Янги Ўзбекистонимиз кун сайин равнақ топмоқда, – деди Ўзбекистон Қаҳрамони, фахрий ўқитувчи Анор Маҳмудова. – Бу борадаги ўзгаришлар самараси давлатимиз раҳбарининг жонкуярлиги сабабли, деб биламан. Янги Ўзбекистонда таълим соҳасида ҳам кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Ахир буларнинг баридан биз қувонмай, ким қувонсин!

– Мен болаликдан ўқитувчиларнинг жамиятга таъсири нечоғли катта эканини ҳис этиб катта бўлганман, – деди «Янги Ўзбекистон» университети фахрий президенти Вольфганг Антон Ҳеррманн. – Отам ўқитувчи бўлган, у ўқувчиларга жуда эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш кераклигини кўп айтарди. Ўзбекистонда таълимга, ёшларга қаратилаётган эътибор таҳсинга лойиқ. Ўқитиш тизимидаги ислоҳотлар «Янги Ўзбекистон» университети, Президент мактаблари мисолида яққол кўзга ташланади.

–Бир неча йиллар аввал франциялик ҳамкасблар билан танишиб қолгандим, – деди Ўзбекистон Қаҳрамони, фахрий ўқитувчи Муҳаббат Шарофова. – Улар юртимизда ўқитувчилар «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвонига сазовор бўлганидан жуда ҳайратланишган эди. Мен ўқитувчилари қаҳрамон даражасига кўтарилган шундай диёрда яшаётганимдан беҳад фахрланаман.

Тантанали кечада мамлакатимиздаги янгиланиш жараёнлари, устозларни эъзозлаш, ёшларга қаратилаётган эътиборни, тинч ва осуда кунларимизни  тараннум этувчи куй-қўшиқлар янгради.

 

Назокат Усмонова, Муродхон Хўжаев, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА