Тошкент шаҳридаги “Ўзбекистон” халқаро форумлар саройида Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари Бош штаб бошлиқларининг конференцияси бўлиб ўтди.

Унда Америка Қўшма Штатлари, Покистон Ислом Республикаси, Ўзбекистон, Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон Республикалари Мудофаа вазирликлари делегациялари иштирок этди.

Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар берди.

Тадбир аввалида ҳарбий делегациялар вакиллари “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасидаги “Матонат мадҳияси” монументи пойига гулчамбар қўйиб, “Шон-шараф” музейини кўздан кечирди.

Конференцияни Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов ҳамда АҚШ Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондони генерал Майкл Курилла кириш сўзи билан очиб берди.

Конференция доирасида минтақавий хавфсизлик, терроризмга қарши кураш, гуманитар ёрдам ва минтақавий барқарорлик каби масалалар кўриб чиқилди.

ЎзА