Айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтмоқда. Унда бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

— Жорий йилда мамлакатимизда конституциявий ислоҳотлар амалга оширилиб, Бош қомусимиз умумхалқ овози билан янги таҳрирда қабул қилинди, — деди парламент қуйи палатаси қўмита раиси Жаҳонгир Ширинов. — Янгиланган Конституциямизда парламент палаталари ваколатларига оид қатор янгиликлар ўз аксини топди. Шундан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун хужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси билан 13 та қонун ва 1 та кодексга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Хусусан, Сенатга Қонунчилик палатаси тарқатиб юборилган даврда Олий Мажлиснинг қонунларни қабул қилишга доир ваколатларини бажариш, қонунни Сенатга келиб тушган кундан эътиборан 60 кун ичида кўриб чиқиш ваколатлари берилмоқда. Шунингдек, Сенат аъзолари ҳар бир маъмурий-ҳудудий бирликдан 4 нафардан сайланиши, 9 нафари Президент томонидан тайинланиши (жами 65 нафар) белгиланмоқда. Сенатнинг прокуратура органлари фаолияти устидан назорат қилувчи комиссиясини тугатиш таклиф этилмоқда. Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосарлари сони 7 тадан 2 тага қисқартирилмоқда. Бунда Спикернинг ўринбосарлари фракция аъзоси бўлиши мумкин эмаслиги ҳамда лавозимда бўлиш даврида сиёсий партиядаги аъзоликни тўхтатиб туриши белгиланмоқда.

 

Шунингдек, 100 минг нафардан кам бўлмаган фуқаролар, Сенат, Омбудсман ва Марказий сайлов комиссияси қонунчилик таклифларини Қонунчилик палатасига киритишга ҳақли эканлиги мустаҳкамланмоқда. Мазкур норма давлат ишларини бошқаришда фуқароларнинг иштирокини янада кенгайтиради. Шунингдек, ислоҳотларнинг ташаббускори сифатида инсонлар ўзларининг келажаги, орзу-мақсадларини рўёбга чиқариш учун муҳим қарорлар қабул қилишда, жамиятдаги муаммоларни ўз вақтида ҳал этишда тўғридан-тўғри иштирок этишлари учун шароит яратади.

Шунингдек, давлат бошқарувида бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Сенат раиси, Қонунчилик палатаси Спикери, Бош прокурор бўлиши мумкин эмаслиги белгиланмоқда, — деди депутат.

Муҳокамаларда депутатлар қонун лойиҳасининг муҳимлигини таъкидлаган ҳолда кўплаб моддалар бўйича аниқлаштирувчи саволларни ўртага ташладилар, ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Жумладан, Спикер ўринбосари Зуҳра Ибрагимова фракция раҳбарининг ваколатларига оид модда бўйича тўхталиб, фракция раҳбари қўмитага аъзо бўлиши мумкинми-йўқми, деган саволни берди.

— Лойиҳамизга кўра, фақат 3 та субъект — Спикер, унинг биринчи ва яна битта ўринбосари қўмитага ҳам, фракцияга ҳам аъзо бўлолмайди. Қолган депутатлик корпусига кирадиган вакилларнинг қўмиталарга аъзолиги чекланмаган, — дея жавоб берди Ж. Ширинов.

Муҳокамаларда қонун лойиҳаси бўйича фракцияларнинг хулосалари ҳам тингланди.

Мажлисда ушбу қонун лойиҳасини 27 сентябрдан 14 октябргача муддатда жамоатчилик муҳокамасига қўйиш бўйича қарор қабул қилинди.

 Муҳтарама Комилова, ЎзА