Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисида”ги фармони ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини 2023 йилда ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан мамлакатимизда оммавий спорт тадбирларини ташкил этиш орқали ёшлар қамровини 8 миллиондан ошириш белгиланди.
Улуғ мақсадларга мустаҳкам режа ва дастурлар орқали эришилади. Аҳоли ўртасида оммавий спортни ривожлантириш, ўз навбатида, янги чемпионлар камолга етишишига замин ҳозирланиши билан жойларда янгидан янги спорт мажмуалари вужудга келади.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида кўрсатиб ўтилганидек, маҳаллаларда спорт инфратузилмасини ривожлантириш, универсал спорт майдончаларини босқичма-босқич барпо этиш орқали аҳолини спорт билан шуғулланиш имкониятларини янада кенгайтиришга шароит яратилади.
Биргина “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг жорий этилиши маҳалла ёшларининг катта спорт майдонларида ўз иқтидорини кўрсатишга олиб келиши билан ҳудудларда замонавий спорт майдончалари қурилишига туртки бўлди. Пировард натижада жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга жалб қилинган аҳоли улуши 36 фоизга етказилади.
Қарорга асосан жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан шуғулланиш учун 2030 йилгача камида 5 мингта маҳаллада спорт майдончаларини барпо этиш, спорт – таълим муассасаларида мунтазам шуғулланувчилар сонини 1 миллион нафарга етказиш назарда тутилган.
Айтиш лозимки, “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг биринчи мавсуми доирасидаги мусобақаларда 12 минг 254 нафар иқтидорли спортчи сараланиб, улар тизимли шуғулланишлари учун спорт мактабларидаги секцияларга қабул қилинди.
Мусобақаларда ғолиб ва совриндорликка эришган маҳалла ёшлари учун бугунгача 265 спорт объекти, шундан 14 та ёпиқ спорт иншооти, 9 та очиқ спорт иншооти, 72 та стритбол, 101 та воркаут ва 69 та универсал спорт майдони фойдаланишга топширилган.
Мазкур спорт мажмуаларида 223 та спорт тўгараклари ва секциялари ташкил этилиб, 7 минг нафар ёшлар 200 нафардан зиёд мураббийлардан спорт турлари сир – синоатларини ўрганаётгани ҳаракатлар аниқ мақсадларга қаратилгани натижасидир.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА