9 сентябрь куни миллий терма жамоамиз океан ортидаги Сент – Луис шаҳридаги «Сити парк» стадионида АҚШ терма жамоасига қарши ўртоқлик ўйинини ўткаади.

Париж – 2024 Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўраётган Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси футболчилари эса Тошкентда ўтаётган U – 23 Осиё кубоги саралашининг 2 – тур ўйинида Гонконг термасига қарши майдонга тушади.

АҚШ футбол майдонида бўладиган ўйин Ўзбекистон вақти билан 9 сентябрдан 10 сентябрга ўтар кечаси соат 02:30да бошланади.

Айтиш лозимки, АҚШ терма жамоаси айни пайтда ФИФА рейтингида 11, мамлакатимиз терма жамоаси эса 74 – ўринда бормоқда.

Кеча мазкур учрашув олдидан АҚШ терма жамоаси бош мурабббийи Грегг Берхалтер журналистларга берган интервьюсида кейинги уч йил давомида Америка терма жамоаси учун турли даражадаги ўртоқлик ўйинларида, мусобақаларда қатаншиш мақсад қилинганини ва тайёргарлик режаси кучайтириб борилаётганини айтиб, Ўзбекистон терма жамоаси билан илк бор учрашув ўтказилаётганини таъкидлади.

Айтиш лозим, Ўзбекистон АҚШнинг футбол терма жамолари билан учрашувларидаги 101 – рақиби саналади. Икки давлат ўсмир футболчилари 2011 йилги жаҳон чемпионатида рўбарў келишган. Шунингдек, аёллар терма жамоалари ўртоқлик ўйини ўтказган.

АҚШ терма жамоасига қарши ўйинда мамлакатимиз терма жамоаси тўлиқ оқ либосда, дарвозабонимиз қора либосда майдонга тушади.

Пойтахтимиздаги “Жар” стадионида U – 23 Осиё кубоги саралашининг 2 – туридаги Ўзбекистон – Гонконг терма жамоалари ўйини хусусида тўхталадиган бўлсак, мазкур баҳсни суриялик Ҳанна Ҳаттаб бошқариб боради. Унга қанотларда иорданиялик Али Аҳмад ҳамда кореялик Банг Гиёль кўмаклашади.

Тимур Кападзе бош мураббийлигидаги олимпиячиларимиз майдонда оқ либосда ҳаракатланади.

 

Т. Рўзиев. ЎзА