Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 8 сентябрь куни Бутунжаҳон этноспорт конфедерацияси раиси Нажмиддин Билол Эрдоған бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Миллий спорт турлари ва халқ ўйинларини янада ривожлантириш ва оммалаштириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Учрашув аввалида Билол Эрдоған Ўзбекистон етакчисига Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Илк бор Хива шаҳрида дунёнинг 60 дан зиёд  мамлакатидан қарийб 2 минг нафар спортчи иштирокида ўтказилаётган Халқаро этноспорт фестивали қўллаб-қувватлангани ва юксак даражада ташкил этилгани учун самимий миннатдорлик билдирилди.

Суҳбатда қўшма “йўл харитаси” асосида таълим дастурларини ишлаб чиқиш, тажриба алмашиш, мутахассислар, мураббий ва ҳакамларни тайёрлаш, ёшларни этноспортга кенг жалб қилиш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.