Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг айтишича, мамлакат келгусида фаластинлик шериклар билан аниқ таклифларга асосланган ҳамкорлик масаласини кўриб чиқишга тайёр. Бу фикр қардош давлат етакчисинингФаластин давлати ташқи ишлар ва муҳожирлик ишлари бўйича вазири Риёд Ал-Маликий билан учрашувда айтилган.

Суҳбат чоғида дипломат давлат раҳбарига Президент Маҳмуд Аббоснинг Фаластинга ташриф билан келиш таклифини етказди ва ўз мамлакатининг давлатлараро мулоқотни мустаҳкамлашга интилишини тасдиқлади.

Сердар Бердимуҳамедов ушбу таклиф учун миннатдорлик билдираркан, Яқин Шарқ мамлакатлари билан самарали ҳамкорликни ривожлантириш Туркманистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини урғулади.

Шу аснода Президент Фаластинташқи сиёсат идораси раҳбарининг Ашхободга мазкур ташрифи, сафар дастуридан ўрин олган маслаҳатлашув ва музокаралар давлатлараро муносабатларга доир кенг кўламли масалалар юзасидан конструктив фикр алмашиш имконини яратади, дея ишонч билдирди.

Таъкидланишича, Туркманистон ваФаластин давлати кўп томонлама форматда, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида фаол ҳамкорлик қилмоқда. Шу муносабат билан Президент Сердар Бердимуҳамедов Фаластин давлати раҳбарияти Туркманистоннинг доимий бетарафлик мавқеи ваташқи сиёсат йўлини қўллаб-қувватлашга қаратилган ўзгармас позиция танлаганини эътироф этди.

Шунингдек, мулоқот давомида ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий шерикликни ривожлантириш учун кенг имконият мавжудлиги қайд қилинди. Икки томонлама маслаҳатлашувлар ўтказиш, хусусий сектор вакиллари ўртасида мунтазам муносабат ўрнатиш учун шароит яратиш айни йўналишдаги амалий қадамлар сифатида кўрсатиб ўтилди.

Суҳбатдошлар фан, таълим, маданият соҳаларида сермаҳсул алоқаларни рағбатлантириш зарурлигига ҳам алоҳида эътибор қаратишди.

Ғ.Хонназаров, ЎзА