БРИКСга аъзо давлатлар раҳбарлари “Йоханнесбург декларацияси-II” номли, ассоциациянинг XV саммити якуний ҳужжатини қабул қилдилар.
– Саммит ўтказиш бўйича 15 йиллик тажрибадан келиб чиқиб, биз БРИКС мамлакатлари ўртасида уч асосий йўналиш – сиёсат ва хавфсизлик, иқтисодиёт ва молия ҳамда маданий-гуманитар алоқа бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, стратегик шерикликни мустаҳкамлаш мажбуриятини оламиз, – дейилади ҳужжатда. – Мамлакатларимиз фуқаролари манфаати йўлида тинчлик орқали янада адолатли халқаро тартиб, жонлантирилган ва ислоҳ қилинган кўп томонлама тизим, барқарор ривожланиш ва инклюзив ўсиш таъминланади.
Шунингдек, аъзо мамлакатлар ҳудудида ва бутун дунёда озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини маъқуллаган етакчилар бир томонлама санкция қўлланиши ривожланаётган мамлакатлар учун салбий оқибатлар келтириб чиқараётганидан хавотир билдиришган.
Украина муаммосини ҳал қилиш бўйича Aфрика ташаббусини миннатдорлик билан қайд этган БРИКС макроиқтисодий мувофиқликни мустаҳкамлаш, иқтисодиётда шерикликни чуқурлаштириш, Нигер, Ливия ва Судандаги низоларни БМТ ва Aфрика Иттифоқи ҳамкорлиги асосида тинч йўл билан ҳал этиш тарафдори. Аъзо мамлакатлар дунёдаги можаролардан хавотир олиб, келишмовчиликни мулоқот орқали тинч йўл билан ҳал қилишни талаб қилмоқда.
БРИКС етакчилари уюшма таркибидаги давлатлар ўртасидаги халқаро савдо ва молиявий операцияларда миллий валюталардан фойдаланиш тарафдори сифатида оммавий қирғин қуроллари тарқатмаслик механизмини кучайтиришга чақирди. Ўзаро сайёҳлик оқимини тезлаштириш устида ишлашга келишиб олишди.
Гўзал Сатторова, ЎзА