Қозоғистон Президент Қосим-Жомарт Тоқаев БМТ Бош котиби махсус вакили, Превентив дипломатия бўйича Марказий Осиё минтақавий маркази раҳбари Каха Имнадзени қабул қилди. Бу ҳақда Қозоғистон Президенти матбуот хизмати ёзган.
Хабарга кўра, учрашув чоғида Aфғонистондаги мавжуд вазият муҳокама қилинган.
Тоқаев мулозимни янги лавозимга тайинлангани билан табриклаб, унинг Марказий Осиё давлатлари ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга катта ҳисса қўша олишига ишонч билдирди.
Президент мазкур тузилманинг аҳамияти, фаолияти долзарблигини алоҳида таъкидлади. Марказнинг минтақада жадал ўсиш суръатини таъминлаш, барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатини бундан буён ҳам қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.
Каха Имнадзе Қозоғистоннинг минтақада тинчликни мустаҳкамлаш ва мулоқотни ривожлантиришга қўшаётган муносиб ҳиссасини эътироф этди.
ЎзА