Жаҳон ҳамжамияти кўп қутблиликка интилмоқда, бу тенденция халқаро институтлар самарадорлиги билан қўллаб-қувватланиши керак, деди илк бор БРИКС саммитида иштирок этган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти раҳбари Антониу Гутерриш.
– Биз кўп қутблилик сари интиляпмиз, бироқ шунинг ўзи етарли эмас, – деди у. – Халқаро муносабатда тинчлик, тенглик ва адолат кафолатланиши учун кучли, самарадор кўп томонлама институтлар қўллаб-қувватлови зарур. Мисол тариқасида Европага ишора қилиб, Бош котиб ўтган аср бошида дунё кўп қутбли бўлса-да, “кучли кўп томонлама механизмга эга бўлмагани”, натижада Биринчи жаҳон уруши содир этилганини таъкидлади.
– БМТ Низоми ва халқаро ҳуқуққа асосланган мустаҳкам, ислоҳ қилинган кўп томонлама архитектура жуда зарур, – қўшимча қилди Гутерриш.
– Замонавий жаҳон ҳамжамияти олдида “эксклюзив муаммолар”, жумладан, иқлим инқирози, қашшоқлик ва очлик ўсиши, янги технологиялар пайдо бўлиши туфайли юзага келадиган хавфни бошқариш муаммолари, шунингдек, бутун дунё бўйлаб можаролар кўпайиши каби тенденциялар пайдо бўлди.
ЎзА